Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн бир ракъат намоз ўқир эдилар ва булардан биттасини витр (тоқ) қилар эдилар. Намоздан фориғ бўлгач, ўнг томонларига ёнбошлаб ётар эдилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Саламадан ривоят қилинди; у Оиша (розияллоҳу анҳо)дан: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон кечаларидаги намозлари қандай эди?» деб сўради. Шунда (Оиша онамиз) айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам на Рамазонда ва на бошқа ойларда ўн бир ракъатдан оширмас эдилар. Аввал тўрт ракъат ўқир эдиларки, унинг чиройлилигини ва узунлигини асти сўрама! Кейин яна тўрт ракъат ўқир эдиларки, унинг ҳам чиройлилигини ва узунлигини асти сўрама! Кейин уч ракъат ўқир эдилар». Оиша (онамиз) айтдиларки, «Бир куни: «Ё Расулуллоҳ! Витрни ўқимасдан олдин ухлайсизми?» дедим. Шунда (Расули Акрам): «Ё Оиша! Кўзларим ухлайди-ю, қалбим ухламайди!»деб жавоб қилдилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Рамазон ойидан кейинги рўзанинг энг афзали - Аллоҳнинг ойи бўлмиш Муҳаррам (рўзаси)дир ва фарздан кейинги намознинг энг афзали - тунги (таҳажжуд) намоздир».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Тунги намоз икки-икки ракъатдандир. Тонг отиб қолишидан қўрқсанг, бир ракъат витр ўқиб, намозингнинг охирини витр (тоқ) қилгин».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абдуллоҳ ибн Шақиқдан ривоят қилинди; айтди: Оиша (розияллоҳу анҳо)дан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозлари ҳақида сўрадим; шунда айтдилар: «У зот, пешин(нинг фарзи)дан олдин икки ракъат ва фарзидан кейин икки ракъат, шом(нинг фарзи)дан кейин икки ракъат, хуфтон(нинг фарзи)дан кейин икки ракъат ҳамда бомдод(нинг фарзи)дан олдин икки ракъат намоз ўқир эдилар». (Арабий матнда ҳадиснинг давоми тушиб қолган).

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки шом(нинг фарзи)дан кейин ёмон сўз гапирмасдан туриб, олти ракъат намоз ўқиса, бу олти ракъат унинг ўн икки йиллик ибодатига баробар бўлур».

Оиша (розияллоҳу анҳо) воситаси билан Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деб ривоят қилинган: «Кимки шом(нинг фарзи)дан кейин йигирма ракъат намоз ўқиса, Аллоҳ унга жаннатдан бир уй бино қилгайдир».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси ва кундузи ўқиб борган ушбу ўн ракъат намозни (ҳамиша) сақладим: пешиннинг фарзидан олдин икки ракъат ва фарзидан кейин икки ракъат, шомнинг фарзидан кейин икки ракъат, хуфтоннинг фарзидан кейин икки ракъат. Ва ниҳоят, «Ҳафса (опам) менга: «У зот бомдоднинг фарзидан олдин икки ракъат намоз ўқир эдилар», деб ҳадис баён қилди».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга шомнинг фарзидан кейин у кишининг уйларида икки ракъат намоз ўқидим».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шомнинг фарзидан кейинги икки ракъатда ва бомдод намозининг фарзидан олдинги икки ракъатда «Қул: йаа аййуал кафирун» билан «Қул: Ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиганларини неча марталаб эшитганман - ҳисобига ета олмайман».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Асрнинг фарзидан олдин тўрт ракъат намоз ўқиган кишини Аллоҳ раҳмат қилгай!».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Манбалар

Намоз боблари