Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Мусулмонлар Мадинага келганларида тўпланишар ва намоз вақтларини мўлжаллаб олишар эди. Уларнинг бирон чақирувчиси йўқ эди. Бир куни намозга чақириш ҳақида гаплашиб қолдилар. Баъзилари: «Насоролар қўнғироқ чалганидек қўнғироқ чалингизлар», деса, баъзилари: «Яҳудийлар бурғу чалганидек бурғу чалингизлар», - дейишди. (Ҳазрати) Умар ибн Ал-Хаттоб: «Намозга чақирадиган бирор кишини юбора олмайсизларми?» - дедилар. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ё Билол! Тургил, (мусулмонларни) намозга чақиргил!» дедилар.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) ўз отасидан ривоят қилиб айтди: «Тонг отиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдик ва мен (азон ҳақидаги) тушимни у кишига хабар қилдим. Шунда у зот: «Албатта, бу ҳақ тушдир! Билол билан бирга тургил, чунки у сендан кўра узун бўйлик ва овози ҳам баланд. Сенга (тушингда) айтилган сўзларни унга айтиб тур, у эса шу билан (мусулмонларни намозга) чақирсин!» - дедилар. (Абдуллоҳ ибн Зайд) айтди: «Шунда Умар ибн Ал-Хаттоб, Билолнинг азонини эшитиб, изорларини кўтарган ҳолда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига чиқиб келдилар ва дедиларки: «Ё Расулуллоҳ! Сизни ҳақ билан юборган Аллоҳга қасамки, мен ҳам худди шундоқ туш кўрдим!». Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! Шу билан (азон) исбот бўлди!» - дедилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Манбалар

Азоннинг бошланиши