Азоннинг бошланиши
Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) ўз отасидан ривоят қилиб айтди: «Тонг отиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдик ва мен (азон ҳақидаги) тушимни у кишига хабар қилдим. Шунда у зот: «Албатта, бу ҳақ тушдир! Билол билан бирга тургил, чунки у сендан кўра узун бўйлик ва овози ҳам баланд. Сенга (тушингда) айтилган сўзларни унга айтиб тур, у эса шу билан (мусулмонларни намозга) чақирсин!» - дедилар. (Абдуллоҳ ибн Зайд) айтди: «Шунда Умар ибн Ал-Хаттоб, Билолнинг азонини эшитиб, изорларини кўтарган ҳолда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига чиқиб келдилар ва дедиларки: «Ё Расулуллоҳ! Сизни ҳақ билан юборган Аллоҳга қасамки, мен ҳам худди шундоқ туш кўрдим!». Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ҳамд бўлсин! Шу билан (азон) исбот бўлди!» - дедилар».
Бу бобда Ибн Умардан ҳадис ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Зайднинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Иброҳим ибн Саъд бу ҳадисни Муҳаммад ибн Исҳоқдан боягидан кўра тугал ва узун қилиб ривоят этади ҳамда бу ҳадисда азоннинг сўзларини икки мартадан, такбири қомат сўзларини эса бир мартадан айтилганини зикр қилади.
Абдуллоҳ ибн Зайд бу - Ибн Абдироббиҳдир. Ибн Абдирроб, дейилиши ҳам баён қилинган. Унинг азон ҳақида ривоят қилган ушбу битта ҳадисдан бўлак Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бир саҳиҳ ҳадис ривоят қилганини билмаймиз. Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осим Ал-Мозиний эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мутааддид ҳадислар ривоят қилган: у Аббод ибн Тамимнинг амакисидир.