Сунани Термизий
Сунани Термизий ҳадис тўплами таржимаси ҳақида маълумот
Мирзо Кенжабек, таржимон, Имом Ал-Бухорий номидаги Ислом Олий маъҳадининг толиби.
- Китоб ҳақида фикрлар
- Муқаддима
- Ўзбекча нашрнинг хусусиятлари
- Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизийнинг таржимаи ҳоллари
- Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизий китобининг уч хусусияти
- Ҳадис ва суннат
- Хабар ва асар
- Ҳадиси қудсий
- Муснид, муҳаддис, ҳофих
- Ҳадисларнинг қабул қилиниши ва рад этилиши жиҳатдан турларга бўлиниши
- Саҳиҳ, ҳасан ва заиф ҳадислар орасидаги муштарак истилоҳлар
Китоб ҳақида фикрлар
«Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапираётгандек бўлур».
Абу Исо Муҳаммад АТ-ТЕРМИЗИЙ
«Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки Бухорий ва Муслимдан фақат теран илмли мутахассис олимларгана истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин».
Шайхул Ислом Абу Исмоил АЛ-АНСОРИЙ
«(Муҳаммад Ат-Термизий) Ҳадис илми соҳасида бир қанча асарлар тақдим этди. Унинг ушбу "Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ" ("Сунан") китоби бу асарлар орасида фойдаси энг кўп, тартиби энг ихчам, такрори энг оз асардир. Унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган хусусиятлар бор:
- мазҳаблар ва истидлол (далил келтириш) жиҳатлари эътиборга олинган;
- саҳиҳ, ҳасан ва заиф деб, ҳадис турлари аниқ белгиланган;
- шарҳ ва таъдилга (қиёслаб тўғрилашга) ўрин ажратилган;
- китоб охирида иллатларга оид махсус бир бўлим илова этилган, хуллас, бу китобда улкан фойдалар жамлангандир.
Аллома Тошкўпрулизода
Муқаддима
Қутлуғ Ўзбекистонимизнинг истиқлолга эришуви натижасида она халқимиз ўзининг бой маънавий мероси хазинасидан эркин баҳраманд бўла бошлади. Жумладан, Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий каби улуғ ватандошларимиз тўплаган ҳадисларни ўз она тилимизда ўқишга муваффақ бўлдик.
Ҳадислар дунёси фиқҳ бобида, инсон ҳақ-ҳуқуқлари мавзуида жуда муҳим манбаъ бўлиб, асосан, ахлоқий, маданий, маънавий-маърифий негизни ташкил этади. Ундан турли соҳа олимлари: ҳуқуқшунос ва жамиятшунос олимлар, табобат олимлари, биолог, химик ёки адабиётшунос олимлар, шубҳасиз, ўз соҳаларига доир янги қирраларни кашф этадилар.
Улуғ ватандошимиз - Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизийнинг қўлингиздаги «Сунани Термизий» китоби «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» («Ишонарли тўплам»), «Ал-жомиъ ул-кабир» («Катта тўплам») ёки («Саҳиҳи Термизий») номлари билан ҳам машҳур. Аммо ҳазрати Имом Ат-Термизий ҳадис илмида «сунан» йўналишига асос солган муҳаддислардан бўлгани учун бу китоб, асосан, «Сунани Термизий» номи билан шуҳрат қозонган.
Азиз ва муҳтарам китобхон! Фиқҳ илми, яъни ислом ҳуқуқшунослиги энг шарафли илмлардандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Мингта жоҳил обиддан кўра битта фақиҳ яхшироқ», деб марҳамат қилганлар. Чунки инсон фақиҳ бўлса, уни ҳеч нарса чалғита олмайди, у ҳар қандай оқим ва гуруҳларга ўзини урмайди. Аксинча, ўз зътиқодида собитқадам бўлади. Фиқҳнинг энг улуғи эса соғлом эътиқоддир. Бинобарин, Ҳанафий мазҳабининг асосчиси ҳазрати Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) эътиқод илмини «фиқҳи акбар» деб, яъни «улуғ фиқҳ» деб таърифлаганлар.
Маълумдирки, Ер юзи мусулмонларининг асосий кўпчилиги ҳазрати Имоми Аъзам мазҳабларига риоя қиладилар. «Сунани Термизий» китобида эса худди ана шу мазҳаб жиҳатлари эътиборга олинган. Ҳанафий мазҳабининг фикр-қарашларини Имом Ат-Термизий «Куфа аҳли»нинг фикр-қарашлари тарзида баён қилганлар. Азиз китобхонлар ана шу жиҳатга эътибор бермоқлари мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, китобнинг ушбу ўзбекча нусхасида Ҳанафий мазҳабига доир фатволар, илова ва изоҳлар тақдим этилганки, булар ўқувчи тўғри амал қилмоғи учун фойдалидир.
Албатта, ҳадис соҳасининг ўз атамалари, илмий истилоҳлари бор. Ана шундай ифода ва истилоҳларни тушунмоқлари учун, китобхонларга кўмак тариқасида, «Китобхонга ёрдам» сарлавҳаси билан алоҳида сўз тақдим зтилди.
Китобда ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси асл арабий матни билан бирга саҳифаларга жойлаштирилди. Бу усул тил билган китобхонларга сўзма-сўз таққослаб ўрганишлари учун қулайлик туғдиради.
Қўлингиздаги «Сунани Термизий» китоби таржимаси хайрли ишлардан бири бўлиб, маънавий-ахлоқий камолот йўлида, комил инсонни тарбиялаш йўлида муносиб хизмат қилади, деган умиддамиз.
Абдулазиз Мансур
Ўзбекча нашрнинг хусусиятлари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳу таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳга ва у кишининг хонадони аҳлига ҳамда саҳобаларига беҳисоб салоту саломлар бўлсин! Ассалому алайкум, муҳтарам китобхон!
Ассалому алайкум, муҳтарам китобхон!
Мана, Ўзбекистон истиқлолининг ажиб меваларидан бири - ҳазрати Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийнинг «Сунани Термизий» («Ал-жомиъ ас-саҳиҳ») китоби ўзбекча таржимасининг биринчи жилди қўлингизга етди. Улуғ ватандошимиз бўлмиш Имом Ат-Термизий жаҳондаги олти нафар энг машҳур муҳаддиснинг бири, Имом Ал-Бухорийнинг замондоши, сафдоши ва шогирдидир. Ана шу атоқли зот китобининг она тилимиздаги таржимасига оид муҳим хусусиятларни Сиз азиз ўқувчиларга маълум қилишни лозим топдик.
1. Мазкур таржима «Сунани Термизий»нинг Миср Республикаси, Қоҳира шаҳридаги «Ал-Маданий» нашри нусхасига асосланган Истамбул нашридан амалга оширилди: ҳадислар асл арабий тилдан сўзма-сўз таққосланган ва туркий таржимадан фойдаланган ҳолда таржима қилиниб, ушбу ки-тобда арабий матни билан бирга тақдим этилди. Шарҳ ва изоҳлар эса Истанбул (1971) нусхасидан табдил этилди. «Сунан»да мазҳаб жиҳатлари эътиборга олинган бўлса-да, баъзан бир мавзуда хилма-хил ёки қарама-қарши ҳадислар келтирилади. Ўзбекистон мусулмонлари, айниқса, ёшлар ҳадисларга Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабига мувофиқ тўғри амал қилмоқлари учун ана шундай изоҳ ва баъзи иловаларга эҳтиёж бор. Шунинг учун тайёр изоҳотдан исти-фода этилди.
2. Ҳадисларни ўрганишда мутаржимга «Саҳиҳи Бухорий»нинг ўзбекча матни таҳриридаги кўп йиллик тажрибалари, мавзуларниш таниш эканлиги кўл келди: таржимада «Саҳиҳи Бухорий»даги зарур ибора ва ифодалардан, «Шамоили Муҳаммадия» асари ўзбекча (Саййид Маҳмуд Торозий) таржимасидаги ҳадислардан, «Мухтасар ул-виқоя»даги ҳадисларнинг ифода усулларидан, «Ғиёс-ул-луғот» ва бошқа зарур қомуслардан, шунингдек, муҳтарам устозларнинг баъзи маслаҳат ва ёрдамларидан фойдаланилди.
3. Арабча нусхада, Имом Ат-Термизий ўз шарҳини ҳар гал «Абу Исо айтакча нусхада их-чамликка интилиб, бу ибора тушириб қолдирилди. Чунки муаллифнинг шарҳи матндан маълум, муаллифга мансуб бўлмаган зарур қўшимчалар қўшса «Илова» деган сўз билан қавс ичида тақдим этилди.
4. Арабий нусхада ҳар бир ҳадис ровийларининг санади - тартибли рўйхати тўлиқ келтирилган. Зарур бўлганда олимлар санадни кузатишлари мумкин. Ўзбекча таржимада эса ровийлардан битта саҳобани, айрим ўринларда тобеъийнни қайд этиш билан кифояландик. Усмон Закий Мулла Муҳаммад ўғли тажрибасида ҳам, «Саҳиҳи Бухорий» таржимасида ҳам ушбу усул қўлланган.
5. Ўзбекча таржимада, мўътабар шарҳларга таянган ҳолда, ҳадислар маъносини кенгроқ очадиган айрим сўз ва иборалар, қисқа изоҳлар заруратан қавс ичида бериб борилди.
6. Арабий нусхада боб рақамидан кеиин сарлавҳа қайд этилган. Ўзбекчада эса, ҳар бир мавзуга алоҳида эътиборни тортмоқ мақсадида, Усмои Закий Мулла Муҳаммад ўғли тажрибасига таяниб, ҳар бир сарлавҳа бошида «Мавзу» деган сўзи қўйдик.
7. Сахифа остида рақам билан белгиланган шарҳ ва изоҳлар аввало Шайх Муборакфурийнинг Термизий ҳадислари шарҳидан иборат «Гуҳфаз-ул-аҳвозий» китобидан, Мисрпинг собиқ қозиси Аҳмад Муҳаммад Шокир шарҳларидан, қисман Ал-Азҳар Дорилфунуни мударриси Абдул-Ваҳҳоб Абдул-Латиф ҳамда қисман Абдурраҳмон Муҳаммад Усмоннинг таҳқиқ ва тасҳиҳларидан олинган. Улар ҳазрати Мулла Али Ал-Қорий шарҳларига ҳам таянганлар. Усмон Закий Мулла Муҳаммад ўғли Истанбул нусхасида келтирган бу қайдлар баъзан ўринли қисқартирилиб, баъзан Имом Аъзам мазҳабларига мувофиқ иловалар билан бойитилди.
Муҳтарам китобхон!
Ҳар қанча уринмайлик, ожиз бандамиз, албатта, хато ва нуқсонлардан холи эмасмиз.
Муҳтарам устоз-алломаларимиз, қадрли ўқувчиларимиз айбу-нуқсонларимизни авф қалами ила ислоҳ айлаб, дуои хайр қилмоқларидан умидвормиз.
Муҳтарам китобхон! Ушбу ҳадисларга тўғри амал қилиш учун қавс ичидаги иловаларга ва саҳифа остидаги рақам билан белгиланган изоҳларга алоҳида эътибор бермоғингизни сўраймиз!
Ушбу табаррук китобни ўқиб, баҳраманд бўлиб, амал қилганлар дунё ва охират саодатига эришсинлар! Омин, ё Роббил-ъаламийн!..
Мирзо Кенжабек, таржимон, Имом Ал-Бухорий номидаги Ислом Олий маъҳадининг толиби
Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизийнинг таржимаи ҳоллари
Исм ва насаблари - Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Ад-Даҳҳоқ Ас-Суламий Ал-Буғий Ат-Термизий. Куняси эса - Абу Исо (яъни, Исонинг ота-си)дир.
Термизийнинг насаби кўпгина манбаъларда ана шундай зикр қилинган. У зотнинг насаби ҳақида яна икки хил қавл бор. Биринчиси - Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Шаддод дейилади. Иккинчиси - Муҳаммад ибн Исо ибн Язид ибн Савра ибн Ас-Сакан дейилади.
Таваллуд вақтлари. Ат-Термизий ҳижрий 209-йилда (милодий 824-825 йилда) таваллуд топдилар. Ҳофиз Аз-Заҳабий «Мийзон-ул-иътидол» китобида Термизийнинг ҳижрий 279-йилда вафот этганларини зикр қилиб, «вафот этган вақтларида етмиш ёшда эдилар», дейди. Аллома Мулла Али Ал-Қорий ҳазратлари ҳам «Аш-шамоил» асари шарҳида худди шу гапни айтади.
Ватанлари. Имом Ат-Термизийнинг туғилган ватанлари бугунги Ўзбекистондир. Ат-Термизий Буғ қишлоғида таваллуд топдиларми ёки Термиз шаҳридами? Ал-Буғий деб Буғ қишлоғига нисбат этилишлари ё бу қишлоқда туғилганлари ёки у ерда яшаб, вафот этганлари туфайли бўлади.
Мулла Али Ал-Қорий ҳазратлари Термизийнинг ўзларидан бундай деганларини нақл этади: «Бобом, Лайс ибн Сайёр даврида Марвазда яшар эдилар. Кейин Термизга кўчганлар» («Шарҳ- уш-шамоил»: 136-саҳифа).
Буғ - Термизга қарашли бир қишлоқ бўлиб, шаҳардан олти фарсаҳ (Фарсаҳ - тўрт соатлик масофа, 12.000 қадамлик йўл.) нарида жойлашган. Термизий шу қишлоқцан бўлиб, бу қишлоқ тобеъ бўлган Термиз шаҳрига нисбат берилган бўлишлари эҳтимоли кўпроқ.
Термиз - эски Жайҳун, ҳозирги Амударё ёқасида жойлашган жуда қадимий ва жуда ажойиб шаҳардир. (Жайҳун баъзи манбаъларда «Балх дарёси» деб зикр қилинган).
Ислом илмларининг тараққий этишида Туркистон шаҳарлари ичида Термиз кенти ҳам катта аҳамият касб этган. Самарқанд ва Бухорони Балх каби қадимий илм маркази билан боғловчи шаҳар Термиз эди. Шунинг учун ҳам бу ерда кўплаб алломалар етишиб чикди. Шу-лардан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Бишр Ҳаким Термизийдир (245-320 ҳижрий, 859-932 м.й.). Манбаъларда айтилишича, у 300 дан ортиқ асар битган. Шулардан 57 таси бизнинг замонамизгача етиб келган.
Саёҳат ва изланишлари. Имом Ат-Термизий 20 ёшга етганларида Хуросон шайхларидан Исҳоқ ибн Роҳвайҳ Марвазий ва бошқалардан илм ўргандилар, сўнг 25-26 ёшларида Ироққа (Басрага) бориб, у ердаги алломалардан дарс олдилар. Ундан сўнг Ҳижозга кетдилар. Лекин манбаъларда ул зотнинг Бағдодга, Мисрга ва Шомга борганлари ҳақида хабар келтирилмаган. Бунга ўша вақтда бу юрт- лардаги нотинчлик сабаб бўлган, деган фикр бор.
Бу саёҳатлари кўп йиллар давом этди, имом Термизий Термизга 250 ҳижрий (864 м.) йилдагина қайтиб келдилар, бунга қараганда, тахминан 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб, йиғиб юрганлар. Имом Бухорий билан Нишопурда (250 ҳижрий йил) учрашиб, кўп ҳадислар хусусида музокаралар олиб борганлари ҳақида маълумотлар бор. Шундан сўнг «Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ» («Сунани Термизий») китобларини ёза бошлаганлар.
Устозлари ва шогирдлари. Термизий олдинги имомларнинг кўплари билан кўришганлар ва улардан баҳраманд бўлганлар. Термизий даври - ҳижрий 3 аср, ҳадис илмларида буюк юксалиш бўлган давр эди. Кутуби ситта - олти энг машҳур ҳадис китоби муаллифи бўлган имомлар, яъни олти энг улуғ муҳаддис ана шу олтин даврда яшаб камол топдилар. У зотларнинг таваллуд ва вафот йиллари қуйидагича:
- Муҳаммад ибн Исмоил Абу Абдуллоҳ Ал-Бухорий - ҳижрий 194-256.
- Муслим ибн Ҳажжож Ал-Қушайрий Абул Ҳусайн - ҳижрий 204-261.
- Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий - ҳижрий 209-279
- Абу Довуд Сулаймон ибн Ал-Ашъас Ас-Сажистоний - ҳижрий 202-275.
- Аҳмад ибн Шуайб Абу Абдурраҳмон Ан-Насоий - ҳижрий 215-303.
- Ибн Можа Муҳаммад ибн Язид ибн Можа Абу Абдуллоҳ - ҳижрий 209-273.
Ушбу олти имомдан олтовларининг ҳам ривоятларида иштирок этган шайхлар қуйидагилар:
- Муҳаммад ибн Башшар Бундор - ҳижрий 167-252.
- Муҳаммад ибн Ал-Мусанна Абу Мусо - ҳижрий167-252.
- Зиёд ибн Яҳё Ал-Ҳассоний - ҳижрий 254 йилда вафот этган.
- Аббос ибн Абдулазим Ал-Анбарий - ҳижрий 246 йили вафот этган.
- Абу Саъид Ал-Ашаж Абдуллоҳ ибн Саъид Ал-Киндий - ҳижрий 257 йили вафот этди.
- Абу Ҳафс Амр ибн Али Ал-Фаллос - ҳижрий 160-249.
- Яъқуб ибн Иброҳим Ад-Даракий - ҳижрий 166-252.
- Муҳаммад ибн Маъмар Ал-Қайсий Ал-Боҳроний - ҳижрий 256 йилда вафот этган.
- Наср ибн Али Ал-Жаҳдамий - ҳижрий 250 йилда вафот этган.
Имом Термизий бу шайхлардан кўра олдинроқ ўтган шайхларни ҳам кўрганлар ва ушбу «Сунан» китобида улардан ҳадис ривоят қилганлар. Уша шайхлардан баъзилари қуйидагилардир:
- Абдуллоҳ ибн Муовия Ал-Жумаҳий - ҳижрий 243 йили юз ёшида вафот этди
- Али ибн Хужр Ал-Марвазий - ҳижрий 244 йилй юз ёшга яқинлашганда вафот этган.
- Сувайд ибн Наср ибн Сувайд Ал-Марвазий - ҳижрий 241 йилда 91 ёшда вафот этган.
- Қутайба ибн Саъид Ас-Сақофий Абу Ражо - ҳижрий 150-242.
- Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абушшавориб - ҳижрий 244 йилда вафот этган.
- Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Хотам Ал-Ҳаравий - ҳижрий 178-244
- Исмоил ибн Мусо Ал-Фазорий Ас-Суддий - ҳижрий 245 йилда вафот этган.
Термизий яна бошқалардан, Имом Ал-Бухорий шайхларининг кўпидан ҳам ҳадис ривоят қилганлар, У киши асосан Имом Ал-Бухорийнинг шогирди бўлиб, ижозатлари ўша кишидандир. Ҳадис илмини у зотдан олдилар ва у зотнинг қўлларида камол топдилар. У кишида ўқиб, у кишидан баҳра топдилар. Ҳадис илмига тааллуқли баъзи ишларда устоз билан мунозара қилдилар. Устозлар билан қай бир ўринда мувофақат қиладилар ва қай бир ўринда мухолафат қиладилар. Ўша давр олимларида бу хусусият бор эди. Тақлидни тан олмас эдилар. Тақлиддан қочиш ва ҳар қайда ҳамиша Ҳаққа, ҳақиқатга тобеъ бўлиш уларнинг одатлари эди.
Масалан, Термизий ушбу «Сунан» китобининг 17-ҳадисида ровийлар ихтилоф қилаётганини кўриб, «Мен ўзим Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмондан сўрадим: «Бу ҳадисда Абу Исҳоқдан қилинган ривоятларнинг қайси "бири саҳиҳроқ?» десам, ҳеч қандай ҳукм билдирмади. Буни Муҳаммад (Бухорий)дан сўрадим, у ҳам бирор ҳукм билдирмади», дейдилар. Яъни икки имом ҳам ривоятлардан биронтасини устун қўймайдилар. Кейин Имом Бухорий ривоятлардан биттасини танлаб, «Ал-Жомиъ...» китобига киритганларини Термизий баён этадилар. Лекин Термизий бу фикрга тақлид қилмасдан, ўз далилларига таяниб, бошқа ривоятни афзал кўриб, китобга киритадилар.
Абу Исо Муҳаммад Термизийнинг ўлкаларни кезганлари, Хуросон, Ироқ, Ҳижоз олимларини тинглаганлари «Ат-таҳзиб» китобида баён этилган. Мисрнинг аввалги шариат қозиси Аҳмад Муҳаммад Шокир: «Термизий Бағдод шаҳрига борган, деб тахмин қилмайман. Чунки, Бағдодга кирган бўлса эди, муҳаддисларнинг улуғи ва пешқадами саналмиш Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбалдан (164-241) ҳадис эшитган бўларди ва Ҳофиз Абу Бакр Ал-Хатийб «Тарих-ул-Бағдод» китобида бу ҳакда ёзган бўларди», дейди.
Термизийдан ҳадис ривоят қилган кишилар кўп. «Тазкират-ул-ҳуффоз» («Ҳофизлар ёдномаси») ва «Ат-таҳзиб» китобларида булардан айримлари зикр қилинган.
Ал-Маҳбубий, Термизийдан ҳадис ривоят қилган зотларнинг энг биринчиларидандир. Ибнул-Имод бу зот ҳақида бундай дейди: «Абул-Аббос Ал-Маҳбубий; Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Маҳбуб Ал-Марвазий, Марв ўлкасинииг муҳаддиси, шайхи ва раисидир. 346-ҳижрий йилнинг Рамазон ойида 97 ёшида вафот этди. «Сунани Термизий» китобининг муаллифидан (яъни Термизий ҳазратларидан) ҳадислар ривоят қилган зотдир» («Шузурот-уз-заҳаб»: 2/373.)
Термизийнинг шахси ва асари ҳақида уламоларнинг фикрлари. Улуғ устоз имом Бухорий ўз шогирди имом Термизийни алқаб, камтаринлик билан: «Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим», дейди. Бу Термизийга берилган жуда катта баҳо эди. («Ал-Мирқот», 1-жилд, 22-бет).
Ҳофиз Абул-Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Ал-Макдисий, Ҳасан ибн Аҳмад Абу Муҳаммад Ас-Самарқандийдан, Абу Бишр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Амрдан, Ҳофиз Абу Саъид Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Ал-Идрисийдан нақл этиб, бундай дейди: «Ҳофиз ва аъмо (кўзи ожиз) Муҳаммад ибн Исо ибн Савра Ат-Термизий - ҳадис илмида иқтидо этиладиган (эргашиладиган) имомлардан биридур. «Ал-Жомиъ» («Сунани Термизий»), «Ат-таворих» ва «Ал-ҳол» китобларини олим ва дироятли (ақл-идрок ва тажрибали) бир инсон сифатида қаламга олган. Ҳофизаси (хотираси) кучлилиги жиҳатдан ўрнак қилиб кўрсатилар эди» («Мажмуат-у фавоида(и) ҳадисиййа».Қадим қўлёзма асарлардан.)
Самъоний «Ал-ансоб» китобида Термизийни бундай тавсиф этади: «Муноқашасиз у ўз асрининг имоми бўлиб, турли таснифлар соҳибидир». Ибн Ҳалқон ҳам у зотни «Ҳадис илмида иқтидо этиладиган имомлардан биридир», деб тавсифлайди.
Аллома Тошкўпрулизода, «Мифтоҳ-ус-саъода» китобида бундай дейди: «Уламоларнинг ҳофиз ва аъламларидан бири эди. Фиқҳда қимматли асарлари бор. Ҳадисни, имомлардан ташкил топган бир жамоатдан эгаллади. Биринчи табақа шайхларини кўрмоққа муяссар бўлди»
Ибнул Имод Ал-Ҳанбалий «Шузурот-уз-заҳаб» китобида «Ақронларидан (ёшдош) яқинларидан устун, ҳифз (хотира) ва итқон (устиворлик ва мустаҳкамлик) бобида бир мўъжиза эди», дейди.
Ал-Ҳоким Абу Аҳмад, ўз устозларидан биттаси Термизий ҳақларида бундай деганини баён этган: «Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий вафот этганларида Хуросонда эдим. У кишининг ортидан илм, ҳифз, вараъ ва зуҳд бобида Абу Исо (Термизий)дек бошқа бир зот қолмади. Термизий, йиғлайверганидан кўзларидан жудо бўлиб қолди ва бир неча йиллар аъмо (кўрмас) ҳолатда яшади»
«Ат-таҳзиб» кшпобида Ҳофиз Юсуф ибн Аҳмад Ал-Багдодий, Термизий. ҳақларида бундай дейди: «Термизий умрларининг охирига бориб кўздан қолди».
Бу ўринда уламонинг Термизий ҳақларидаги таъриф ва тавсифларидан фақат бир қисминигина баён этдик. Энди Термизийнинг китоби борасидаги фикр-мулоҳазалардан ҳам бир қадар сўз юритайлик.
Термизийнинг «Сунан» китоби ҳақидаги фикрлар. Ибнул-Асийр ўз «Тарих»ида бундаи дейди: «(Термизий) имом ва ҳофиз эди. Бебаҳо асарлар тортиқ қилди. «Ал-жомиъ ул-кабир» («Катта тўплам», яъни «Сунани Термизий») бу асарларнинг энг мукаммалидир».
«Кашф-уз-Зуннун» китобида «Сунани Термизий» асари борасида бундай дейилади: «Бу ҳадис бобида тасниф этилган кутуби ситта (олти улуғ китоб)нинг учинчисидир. Бу китоб «Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ» («Ишонарли тўплам») дейилади, шунингдек «Сунан» ҳам деб аталади. Аммо биринчи номи кўпроқ қўлланади».
Ҳофиз Абул-Фазл Ал-Мақдисий айтади: «Ҳиротда имом Абу Исмоил Ал-Ансорийдан эшитдим. У ўз мажлисида, Термизий ва унинг китоби борасида сўз кетганида бундай деди: «Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки Бухорий ва Муслимдан фақат мутахассис олимларгина истифода этади. Термизийдан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин».
Аллома Тошкўпрулизода Термизийнинг таржимаи ҳоли ҳақида бундай дейди: «(Термизий) ҳадис илмида кўпгина асарлар такдим этди. Унинг ушбу «Ал-жомиъ-ас-саҳиҳ» китоби бу асарлар орасида фойдаси энг кўп, тартиби энг ихчам, такрори энг оз китобдир. Унда бошқа ҳадис китобларида учрамайдиган хусусиятлар бор. Мазҳаблар ва истидлол (далил келтириш) жиҳатлари эътиборга олинган; саҳиҳ, ҳасан ва ғариб деб ҳадис турлари аниқ белгиланган. Бу китобда жарҳ ва таъдилга ўрин ажратилган; китоб охирида иллатларга доир махсус бир боб илова қилинган. Хуллас, бу китобда улкан фойдалар жамлангандир. Китобни мутолаа қилган кишилар бунга тан берадилар». (Жарҳ ёки журҳ ва таъдил - нуқсон ва таққос жиҳатлари, ровийнинг қиёфаси, бирор сифати, айби ёки фазилати, ишончли ёки ишончсиз эканлиги ҳақидаги фикрлардир).
Ҳофиз Абул-Фазл Ал-Макдисий, Термизийнинг китобини ўта танқидий назар билан тадқиқ этганидан кейин, бундай дейди: «Абу Исо (Термизий)нинг китобида тўрт қисм ҳадислар ўрин олган:
- саҳиҳ эканлиги қатъиян қабул қилинган ҳадислар қисми; бу қисмдан Бухорий ва Муслимга мувофақат қилинган ҳадислар ўрин олган;
- учлик шартига асосланган ҳадислар қисми; (учлик: Абу Довуд, Ан-Насоий ва Ибн Можа назарда тутилган.) Бу қисмдаги ҳадислар толий (иккинчи) даражададир;
- зиддият қисми, бу қисмдаги ҳадисларнинг иллатлари очилган ва бу борада қаттиқ талабчанлик намоён қилинган;
- бу тўртинчи қисм ҳадислар борасида (Термизий) «Ушбу китобимда фақатгина фақиҳлар (олимлар) амал қилган ҳадисларни тахриж қилдим» дейди. Бу шартнинг ҳудуди кенг. Шу асосга таяниб, Термизий, бир олим киши ҳужжат сифатида қабул қилган ёки керак бўлганда амал қилган ҳадисни унинг санади хоҳ саҳиҳ бўлсин, хоҳ бўлмасин, лекин ўзи ҳақида сўз юритилишига имкон қолдирмаганини кузатамиз. Яъни тахриж этилган ҳар бир ҳадис ҳақида керакли изоҳни бериб, кўнгилларни хотиржам қилади».
Термизийнинг ўзлари ўз китоби ҳақида бундай дейдилар: «Ушбу китобни тасниф қилганимдан кейин, уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим. Улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўша хонадонда худди Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам гапираётгандек бўлур...»
Термизийнинг бошқа асарлари. Олимлар, Имом Термизий турли асарлар тортиқ этганларини таъкидлашади. Уларнинг фикрига кўра, у зотнинг асарлари қуйидагилардир:
- «Ал-Жомиъ-ас-саҳиҳ» (Ишонарли тўплам, яъни «Сунани Термизий»);
- «Аш-шамоил» («Шамоили Муҳаммадия»);
- «Ал-Ҳол»;
- «Ат-тарих»;
- «Аз-зуҳд»;
- «Ал-асмоъ ва ал-куно» («Исмлар ва кунъялар»).
Термизийнинг бошқа асарлари ҳам бўлиши мумкин. Бунда зикр қилинган китобларни айрим манбаъларга таяниб баён этдик.(Аҳмад Муҳаммад Шокирнинг Термизий китобига ёзган «Муқаддима» сидан олинди. 90-саҳифа.)
«Сунани Термизий» китобида ҳадис мартабаларининг белгиланиши. «Сунани Термизий» китобида ҳадисларнинг даражаларини белгилашда икки ибора қўлланган. Ноаниқ ва мубҳам қолмасин деб бу икки иборани муҳтарам ўқувчига тушунтириб ўтмоғимиз лозим:
- «Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ» деган ибора;
- «Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ-ғариб» деган ибора.
Термизий айрим ҳадисларни «ҳасан-саҳиҳ» ёки «ҳасан-ғариб» деб, ёки «саҳиҳ-ғариб» ва ёхуд «ҳасан-саҳиҳ-ғариб» деб атайдилар. Лекин бу бирикмаларни таърифламайдилар. Масалан, бир ҳадисни фақатгина «саҳиҳ» деб ёки «ғариб» деб атаганларида, бунинг таърифини келтирмаганлар. Балки булар ҳадисчилар наздида тушунарли бўлгани учун таърифни лозим кўрмагандирлар. Аммо ажабки, фақатгина «ҳасан»нинг таърифини келтирадилар. Бу номаълум бир ифода ёки янги бир истилоҳ бўлгани учун таърифга эҳтиёж ҳис этган бўлсалар керак, деган фикрдамиз.
Ҳадисни уч қисмга бўлиш Термизийнинг ижоди эканлигини юқорида таъкидлаган эдик. Термизийдан олдинги муҳаддисларнинг асарларида «ҳасан» иборасига дуч келган бўлсакда, аммо ҳадисни «ҳасан, саҳиҳ ва заиф» деб уч қисмга бўлган ва «ҳасан» иборасини илк маротаба илмий истилоҳ сифатида қўллаган зот Термизийнинг ўзларидир.
Термизий «ҳасан» иборасини ўз китобида бундай таърифлайдилар: «Ушбу китобимизда «Бу ҳадис ҳасан» деган пайтимизда биз санадининг ҳасан эканлигини назарда тутганмиз. Чунки ровийси ёлғончи деб тахмин қилинмаган ҳар бир ҳадис, деярли бошқа сабабдан ривоят қилинса ва шоз(з) бўлмаса, у ҳадис, бизнинг фикримизча, ҳасандир».
Ибну-Салоҳ «Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ» деган ибора ҳақида бундай дейди: «Термизий ва бошқалар (Яҳё ибн Моъин, Ибн-у Аби Шайба, Абу Али Ат-Тусий ва шулар сингари бошқа муҳаддисларни назарда тутмокда) қўллаган «бу ҳадис ҳасан» деган иборада ишкал (чалкашлик) бор. Чунки «ҳасан»нинг мартабаси маълум сабабга кўра «саҳиҳ»нинг мартабасидан пастдир. Бир ҳадисда бу икки истилоҳни жамъ қилмоқ ўша қусурнинг (айб- нуқсоннинг) ҳам нафйи, ҳам исботи (рад ва исботи) демакдир». Шундан кейин бу ишкал борасида бундай жавоб қайтаради: «Ушбу иборанинг қўлланиши санадга тегишлидир. Ҳадис икки иснод билан ривоят қилинади. Агар иснодларнинг биттаси ҳасан, иккинчиси саҳиҳ бўлса, бу ҳадисни «ҳасан-саҳиҳ» деб айтиш тўғри бўлади. Яъни ҳадис бир иснодга кўра - ҳасан, иккинчи иснодга кўра - саҳиҳдир. Бу ўринда «ҳасан» сўзининг луғавий маъносини кўзда тутган бўлишини ҳам инкор этиб бўлмайди. Кўнгил мойил бўлган ва қалб қабул қилган нарса ҳасан дейилади. Бу тақдирда «ҳасан» ибораси истилоҳий маъносидан бошқа маънода қўлланган бўлади».
Ибнус-Салоҳ жавобининг биринчи қисмига эътироз билдирилган. Чунки Термизий фақат биттагина исноди бўлган ҳадисга нисбатан ҳам «ҳасан-саҳиҳ» таъбирини қўллаганлар. Демак, «ҳасан» сўзи бу ўринда луғавий маъносида қўлланганини таъкидлаш ишкалнинг олдини олиш учун энг мувофиқ йўлдир. Бу орада «саҳиҳ-ҳасан» ибораси «ҳасан» билан «саҳиҳ» орасидаги бир мартаба эканлигини иддао қилганлар ҳам бор.
Абу Исо Муҳаммад Ат-Термизий китобининг уч хусусияти
Бутун оламларнинг Парвардигори - Аллоҳу таолога беадад ҳамду санолар бўлсин; Аллоҳнинг бандаси ва Расули Ҳазрати Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламга, бутун хонадони аҳлига ва саҳобаларига саноқсиз салоту саломлар бўлсин! Ҳақ йўлига юриб, Исломга кўнгил боғлаган барча инсонларга Ҳақ таолонинг раҳмати ва саломлари бўлсин!...
Мана, бу кун «Сунани Термизий» асарининг биринчи жилдини ўзбек тилига ўгириб, мустақил Ўзбекистон мусулмонларига такдим этишга муваффақ бўлиб турганимиздан ғоят бахтиёрмиз! Айтмоқ жоизки, Термизийнинг «Сунан» китоби бошқа ҳадис китоблари орасида ўзига хос ўрин эгаллаган асардир.
Ушбу китобни бошқа ҳадис китобларидан фарклаб, ажратиб турган учта хусусиятни таъкидлаб ўтмоқчимиз, чунки бу уч хусусият «Кутуби ситта», яъни олтита энг машҳур ҳадис тўпламининг Термизий китобидан бошқа ҳеч биттасида учрамайди.
1. Термизий, ҳар бир бобнинг ҳадисини зикр қилганидан кейин, худди шу бобга тегишли ҳадис ривоят қилган саҳобаи киромларнинг исмларини санаб ўтади. (Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин) . Хоҳ улар ривоят қилган ҳадислар Термизий келтирган ҳадис маъносига мос бўлсин, хоҳ бошқа маънода бўлсин, хоҳ унга зид маънода бўлсин; ҳар ҳолда, Термизийнинг ҳадисига яқиндан ёки узоқдан алоқадор бўлса, кифоя! Ана шу хусусият Термизий китобининг шарҳини кучайтириб юборган жуда муҳим унсурдир. Айниқса, ҳадис олимлари кибрити аҳмардек - мис ва қалайни тилло қиладиган иксирдек нодир бўлиб қолган кейинги даврлар учун бу ўта муҳим хусусиятдир. Кейин эса, Термизий ишорат этган барча ҳадисларни санадлари ва матнлари билан тахриж қилмоқ, яъни, асослаб юзага чиқармоқ бир умрни талаб қиладиган ишдир. Шайх Муборакфурий Термизий китобини шарҳлаганда бу ишни бажармоқчн бўлди, аммо барча ҳадисларни тахриж этишга муваффақ бўла олмади, ўз тахрижларида эса бошқа алломаларга эргашиш билан кифояланди.
2. Термизий, фиқҳий масалаларда фақиҳларнинг қавлларини - фикр-қарашларини кўп бор зикр қилади, далилларга ишорат этиб, худди ўша масалада бир-бирига зид ҳадисларни шархлайди. Бу хусусият қай даражада аҳамиятли, муҳим ва улуғ бир мақсадга мувофиқ эканлиги очиқ-равшандир. Асосан, ҳадис илмларининг ҳақиқий ғояси ва мақсади истидлол, яъни, далил келтириш ҳамда бекаму-кўст иттибоъ этиш - эргашиш ва амал қилиш учун асос бўладиган ҳадисларни аниқлаб тайин этишдир.
3. Термизий хадислар таълилига жуда кучли эътибор беради. Ҳар бир ҳадиснинг сиҳҳат ва заъф-соғломлик ва заифлик даражасини аниқлайди. Ҳадиснинг иллатлари ҳақида, ровийлар борасида батафсил ва аҳамиятли изоҳлар беради. Термизийнинг бу йўналиши билан хадис илми қоидаларининг, айниқса, таълил илмининг амалий бир тадбиқи намоён бўлади. Хуллас, бу олимлар ва мутааллимлар учун энг фойдали бир китоб эканлигини иддао қилишимиз мумкин. Чунончи, Ҳофиз Абул-Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Ал-Мақдисий, Термизий ҳақида бундай дейди: «Ҳиротда Имом Абу Исмоил Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ал-Ансорийдан (Абу Исмоил Ал-Ансорий, Ҳиротлик аллома Шайх-ул-Ислом, «Манозил-ус-соирийн» номли китоб муаллифи. Ҳирот эски Хуро-сон давлатининг пойтахти, ҳозир Афғонистон ҳудудидага бир шахар.) эшитдим. У ўз мажлисида Термизий ва унинг китобидан гап кетганида айтдики,. «Менинг учун унинг (Термизийнинг) китоби, Бухорий ва Муслим китобларидан кўра фойдалироқ. Чунки, Бухорий ва Муслим китобларидан фақат мутахассис олимларгина истифода этади. Абу Исо (Термизий)нинг китобидан эса ҳар ким фойдаланиши мумкин». (Ал-Мақдисийнинг «Шуругул-Аиммати Асҳобил кутубис-ситтати» номли қўлёзма асаридан.)
Термизий эса ўз китоби ҳақида бундай дейди: «Бу китобни тасниф қилганимдан кейин уни Ҳижоз, Ироқ ва Хуросон уламоларига тақдим этдим; улар розилик билдириб, қабул қилдилар. Кимнинг уйида бу китобдан бўлса, ўгпа хонадонда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) гапираётгандек бўлур». («Тазкират-ул-ҳуффоз» («Ҳофизлар ёдномаси»): 2/188 «Таҳзиб-ут-таҳзиб»: 9/389 ва «Мифтоҳ-ус-саъода» (Саодат калити):2/11) Термизийнинг шахсияти ва китоби борасида уламоларнинг фикр-қарашларини Термизийнинг таржимаи ҳоли бобида баён этдик. Энди эса ҳадис илмининг баъзи истилоҳларини шарҳлаб ўтайлик.
Ҳадис ва суннат
Муҳаддисларнинг, хусусан кейинги олимларнинг фикрича, «ҳадис» ва «суннат» бир маънодаги икки сўздир. Ҳадис ёки суннат Пайгамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари, феъл-атворлари ёки бирор тақрирлари (бирор масаладаги розиликлари) ёхуд бирор сифатларининг ифодасидир, яъни шаръий ҳукмлардир. Аммо бу икки лафзнинг тарихи ва луғавий асосларига диққат қилинса, қўлланиши борасида луғат ва истилоҳ жиҳатидан нозик фарқлари борлиги кўзга ташланади.
Ҳадис - сўзлашув ва хабар бериш маъносида келган нақлнинг (баён ва ифоданинг) номидир. Кейин Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ёки феъллари ёхуд тақрирлари (бирор масалада тўхтамлари) ҳадис дейилган, айрим олимлар, «ҳадис» тушунчасида «янгилик» деган маъно бор деб, бу сўзни «қадим» сўзининг муқобили сифатида қўллашган. «Қадим» деганда Аллоҳ таолонинг Китоби Куръони каримни, «ҳадис» деганда эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини назарда тутишган. Шу сабабдан уламоларнинг кўпчилиги Аллоҳ таолонинг каломини ҳадис деб аташдан сакланганлар.
«Суннат» эса - асли эътибори билан «ҳадис» лафзига баробар эмас. «Суннат» нима? Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган диний йўл «суннат» деб аталар эди. Чунки «суннат»нинг лугавий маъноси «йўл» деганидир. Бу жиҳатдан, «ҳадис» Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ва феълларини ифода этса, «суннат» эса фақатгина у зотнинг феълларига хосдир. Бу икки лафз-тушунча орасидаги ана шу фарқ туфайли баъзан муҳаддислар: «Бу ҳадис қиёсга, суннатга ва ижмоъга зиддир» ёки «ҳадисда имомдир, суннатда имомдир; ҳадис ва суннатда имомдир» каби ибораларни қўллашган. Бу икки сўз орасидаги ўзига хосликни ана шундай ифода ва иборалар мазмунидан англаймиз.
Хабар ва асар
«Таҳдис» (яъни баён қилиш ёки сўзлаб бериш) дегани «хабар» маъносида келади. Шунга кўра «хабар» лафзи маъно жиҳатдан «ҳадис» лафзига «суннат» сўзидан кўра яқинроқ. Чунки Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари Расули акрамга оид бўлган хабардан иборат. Аммо тарих ва шунга ўхшаш илмлар билан шуғулланадиган олимлар «ихборий» (яъни хабар қилувчилар) деб номланган, суннат билан шуғулланадиган олимлар эса «муҳаддис» деб аталган ва шу боис тарихчиларнинг ривоятлари «хабар» деб, муҳаддисларнинг ривоятлари эса «ҳадис» деб ном олган. Иккала сўз орасида умумий-хусусий ва мутлоқ жиҳатлар бор. Яъни, ҳар қандай ҳадис хабардир, лекин ҳар қандай хабар ҳадис эмас. Ваҳоланки, «ҳадис» ва «хабар» лафзлари маънодош, деган фикрга эга бўлган. муҳаддислар, бу икки сўзнинг луғавий жиҳатдан бир хил маънода эканлигининг энг аввало ушбу томонини мулоҳаза этишади. Ровийлар Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга оид ҳадисларни ривоят қилиш билангина чекланиб қолмайдилар, айни вақтда мавқуф ва мақтуъ тарзидаги ҳадисларни ҳам ривоят қилишади (Баъзи муҳаддислар марфуъ ва мавқуф ҳадисни асар деб қабул қилишади. Хуросон фуқаҳоси эса мавқуфни - асар, марфуъни -хабар деб ҳисоблашади.). У ҳолда фақатгина Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эмас, балки саҳобаларнинг ва тобеъийннинг сўзларини ҳам ривоят этишадики, ривоят икки ўринда ҳам хабардир. Хуллас, ҳадисни «хабар» деб ва хабарни «ҳадис» деб аташнинг зарари йўқ.
Муҳаддислар «асар» сўзига ҳам шу нуқтаи назардан қарайдилар; бу лафз «хабар», «суннат» ва «ҳадис» лафзлари билан маънодош эканлигини айтадилар. Чунончи, «асар»ни саҳобаларга ва тобеъийнга оид қавллар (сўзлар) ва феълларгагина хос деб ҳисоблашни тақозо қиладиган бирор сабаб йўқ. Гарчи хабар билан асар орасида фарқ бор, деб мулоҳаза қилганлар бўлса-да, лекин биз умумий кўпчиликнинг фикрига эргашиб, бу истилоҳлар умуман «таҳдис» ва «ихбор» маъносини ифода этишликда баробар деб қабул қиламиз. Ҳадис усули илмида баҳсга сабаб бўлган асос ана шудир.
Ҳадиси қудсий
Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан саҳобаларига Аллоҳу таолодан нақл этиб, бир сўз айтадилар. Бу сўз, бу мавъиза ваҳйи жалий, яъни очиқ-равшан ваҳий эмаслиги учун Қуръон эмас; шунинг-дек, Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бевосита ўз сўзлари эмаслиги учун ҳадиси Набавий ҳам эмас. Бунинг услуби Қуръони каримнинг услубидан тамоман бошқача. Аммо, шу билан бирга, унда қудсий (илоҳий) оламдан бир нафҳа (бир муборак), ғайб оламидан бир нур, жалол ва икром соҳиби бўлмиш Аллоҳу таолодан бир ҳайбат бор! Ана шу турдаги ҳадислар ҳадиси қудсий, яъни қудсий ҳадислар ёки илоҳий ҳадислар ва раббоний ҳадислар дейилади. Ҳадиси қудсий: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳу таолодан нақл қилиб айтдиларки...» деб бошланади. Шунинг учун айрим олимлар, ҳадиси қудсийда лафз, яъни сўз Аллоҳу таолодан эканлигини таъкидлайдилар. Ҳолбуки, уламоларнинг кўпчилиги лафз (яъни ифода) Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламдан, маъно эса Аллоҳу таолодан деб ҳисоблайдилар. Абул-Бақо ана шу фикрни илгари суради ва буни очиқ-ойдин таъкидлаб, бундай дейди:
«Қуръон - лафзи ва маъноси ошкор ваҳий билан Аллоҳ ҳузуридан нозил бўлган каломдир. Ҳадиси қудсий эса - лафзи Расули Акрамдан ва маъноси илҳом ёки туш йўли билан Аллоҳу таолодан келган каломдир» (Куллиёту Абил-Бақо», 288-бет.)
Муснид, муҳаддис, ҳофих
Ҳадис илми билан шуғулланган зотлар (шу илм атамаларига мувофиқ) турли номлар билан аталганлар. Булардан энг машҳурлари қуйидаги уч лақаб, уч номдир.
Муснид - ҳадисни санади (ровийларнинг узлуксиз тартиб-рўйхати) билан ривоят қилган ровийдир. Унинг ҳадис соҳасида билими бўлиши шарт эмас. Фақатгина ҳадиснинг матни ва санади билан эшитган кишисидан айнан нақл этади.
Муҳаддис - ҳадисларнинг санадларини, иллатларини, ровийларнинг аҳволини билган, имкони бо