Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тунги (таҳажжуд) намозлари тавсифи
Абу Саламадан ривоят қилинди; у Оиша (розияллоҳу анҳо)дан: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон кечаларидаги намозлари қандай эди?» деб сўради. Шунда (Оиша онамиз) айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам на Рамазонда ва на бошқа ойларда ўн бир ракъатдан оширмас эдилар. Аввал тўрт ракъат ўқир эдиларки, унинг чиройлилигини ва узунлигини асти сўрама! Кейин яна тўрт ракъат ўқир эдиларки, унинг ҳам чиройлилигини ва узунлигини асти сўрама! Кейин уч ракъат ўқир эдилар». Оиша (онамиз) айтдиларки, «Бир куни: «Ё Расулуллоҳ! Витрни ўқимасдан олдин ухлайсизми?» дедим. Шунда (Расули Акрам): «Ё Оиша! Кўзларим ухлайди-ю, қалбим ухламайди!»деб жавоб қилдилар».
«Чиройлилиги ва узунлигини асти сўрама!» дейишларидан бу ракъатларни ғоят чиройли ва узун ўқиганларини таъкидламоқчи бўлганлар.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.