Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар қон қизил бўлса, бир динор, агар қон сарғиш бўлса, ярим динор (садақа беради)», дедилар.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳайз кўрган хотинга яқинлик қилган кимса ҳақида: «Ярим динор садақа беради», дедилар.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Кимки ҳайз кўрган хотинга ёки хотиннинг орқасига яқинлик қилса ва ёки коҳинга (фолбинга) борса, ундай кимса Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Масжиддан жойнамозни олиб бергин», дедилар. «Мен ҳайз кўрганман», дедим. «Сенинг ҳайзинг қўлингда эмас-ку!» дедилар.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абдуллоҳ ибн Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; дедики: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайз кўрган хотин билан бирга овқатланмоқ борасида сўрадим. «У билан биргаликда еявергин!» деб айтдилар.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдиларки: «Ҳайз кўрган пайтимда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга изор (лунги) боғлаб олмоқни (ҳайз кийими кийиб олмоқни) буюрардилар, кейин мен билан бирга мубошарат* қилардилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳайз кўрган аёл ва жунуб бўлган инсон Қуръондан ҳеч бир нарса ўқимасин!».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Муъоз (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Бир аёл Оиша (онамиз)га савол бериб, дедики, «Бирортамиз (ҳайздан поклансак), ҳайз кунларида ўқимаган намозларимизнинг қазосини ўқиймизми?» Шунда (Оиша онамиз) айтдилар: «Сен ҳарураликмисан? (яъни, аҳли суннатга зид хаворижларданмисан?) Ҳеч қайси биримизга ҳайз кўрганда ўқимаган намозларнинг қазосини ўқиш буюрилмаган!».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдиларки: «Умму Ҳабиба бинти Жаҳш, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан фатво истаб, деди: «Мен истиҳоза кўраман, ҳеч покланмайман (қон тўхтамайди); намозни тарк этайинми?» Шунда (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Йўқ! Бу фақат томир (қони)дир. Ғусл қил ва намозингни ўкийвер!» Шунга кўра (Умму Ҳабиба) ҳар бир вақт намози учун ғусл қиларди».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ҳамна бинти Жаҳш (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтди: «Ой кўриш муддатидан зиёд, кўп оғир ҳайз кўрар эдим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим; аҳволимни билдирмоқчи ва фатво сўрамоқчи эдим. Ул зотни эгачим Зайнаб бинти Жаҳшнинг уйида топдим ва дедимки: «Ё Расулуллоҳ! Мен ой кўриш муддатидан зиёд, кўп оғир ҳайз кўргувчиман! Бу ҳақда менга нимани амр қиласиз? Чунки, бу мени рўзадан ва намоздан қолдирди». Айтдиларки: «Сенга пахтани тавсия қиламан, чунки пахта қонни кетказади». Ҳамна деди: «Пахта асқотмайдиган даражада кўп қон келади». (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «(Қон оқиши ва ёйилишини ушлайдиган) бир боғич тутгин». Ҳамна деди: «Қон бундан ҳам кўп келади». (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Бирор буюм (кийим) тутгил», - дедилар. Ҳамна: «Қон бундан ҳам кўп келади, тўхтовсиз оқиб туради», — деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сенга икки нарсани буюраман, қайси бирини қила олсанг, шу сенга кифоя. Агар икковини қила олсанг ҳам, ўзинг биласан. Бу, албатта, фақат шайтоннинг бузғунчилигидир. Буни Аллоҳу таолонинг илмига ҳавола этиб, олти кун ёки етти кунни ҳайз кунлари ҳисоблагин, кейин ғусл қилгин, агар тозаланганинг ва покланганингни кўрсанг, йигирма тўрт кун ёки йигирма уч - кун кеча ва кундуз намоз ўқи, рўзангни тут, намозингни ҳам ўқийвер. Ўша ғусл (бу муддат учун) сенга етади! Аёллар одатда қай вақтда ой кўриб, қай вақтда ҳайздан покланса, сен ҳам ўшандай қил. Агар кучинг етсаки, пешинни орқароққа суриб ва асрни илдамлатиб, унга уласанг, бу орада поклансанг (қон тўхтаганини кўрсанг), ғусл қилиб, пешин билан аср намозларини жамъ қилиб ўқи, (ва агар кучинг етсаки), кейин шомни кечиктириб ва ҳуфтонни илдамлатсанг, кейин ғусл қилиб, бу икки намозни ҳам жамъ қилиб ўқисанг, шундай қил. Бомдод намози учун (алоҳида) ғусл қилиб, намозингни ўқийсан. Ана шундай қилгин. Агар рўза тутмоққа кучинг етса, рўзангни ҳам тутавер». Шундан сўнг (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдиларки: «Бу икки ишдан менга ажиброғи шунисидир».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Манбалар

Таҳорат боблари