Жунублик ва ҳайз ҳолатида қуръон ўқилмайди
Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳайз кўрган аёл ва жунуб бўлган инсон Қуръондан ҳеч бир нарса ўқимасин!».
Бу бобда Али (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Умарнинг ҳадисини ёлғиз Исмоил ибн Аййашнинг Мусо Ибн Уқбадан, Нофиъдан, Ибн Умардан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривояти орқали биламиз.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан, тобиъийндан ва кейингилардан бўлган илм аҳли кўпчилигининг қавли шудир. Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Шофиъий, Аҳмад ва Исҳоқ: «Ҳайз кўрган аёл ва жунуб киши Куръондан ҳеч бир нарса ўқимасин, аммо бир оятнинг четини ёки бир ҳарфни ва шу кабиларни ўқиши мумкин», дейишади; шу билан бирга ҳайзли аёл ва жунуб киши тасбиҳ ва таҳлил келтирмоқларига рухсат беришади.
Муҳаммад ибн Исмоил (Ал-Бухорий)дан эшитдимки, бундай деди: «Исмоил ибн Аййаш, Ҳижоз ва Ироқ аҳлидан мункар (ёлғон) ҳадислар ривоят қилади». (Ал-Бухорий) мазкур Исмоилнинг Ҳижоз ва Ироқ аҳлидан ёлғиз ўзи қилган ривоятини заиф деб топади ва бундай деб давом этади: «Исмоил ибн Аййашнинг (ушбу) ривояти фақат Шом аҳлидандир».
Имом Бухорий, Исмоил ибн Аййашнинг, Шом аҳлидан ривоят қилган ҳадисларини саҳиҳ ва фойдаланиш учун яроқли, деб ҳисоблайди. Термизий, Бухорийнинг бу зот ҳақидаги фикрини изоҳламоқда.
Аҳмад ибн Ҳанбал айтадики: «Исмоил ибн Аййаш Бақиййадан кўра тузукроқ. Бақиййанинг сиқа (ишончли) кишилар (номи)дан қилган мункар ҳадислари бор». Аҳмад ибн Ҳасан менга нақл этиб, «Бу сўзни Аҳмад ибн Ҳанбалнинг ўзидан эшитдим», деди.