Ҳайз кўрган хотинга яқинлик қилмоқ карохат эканлиги
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Кимки ҳайз кўрган хотинга ёки хотиннинг орқасига яқинлик қилса ва ёки коҳинга (фолбинга) борса, ундай кимса Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади».
Бу ҳадисни танҳо Ҳоким Ал-Асрамнинг Абу Тамима Ал-Ҳужаймийдан, Абу Ҳурайрадан қилган ривояти орқали биламиз. Илм аҳлининг фикрига кўра, ҳадис ташдид (орттириш, шиддатлантириш) маъносини ифода этади. Нечукким, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ҳайз кўрган хотинга яқинлик қилган киши бир динор садақа берсин», деган ҳадис ҳам ривоят қилинган. Агар ҳайзли аёлга яқинлик қилиш куфр бўлса эди, бу ўринда каффорат (эваз) бериш буюрилмас эди.
Муҳаммад (Ал-Бухорий) бу ҳадисни исноди жиҳатдан заиф деб топган.
Абу Тамима Ал-Ҳужаймийнинг номи - Ториф ибн Мужолид.