Ҳайз кўрган аёл намозининг қазосини ўқимайди
Муъоз (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Бир аёл Оиша (онамиз)га савол бериб, дедики, «Бирортамиз (ҳайздан поклансак), ҳайз кунларида ўқимаган намозларимизнинг қазосини ўқиймизми?» Шунда (Оиша онамиз) айтдилар: «Сен ҳарураликмисан? (яъни, аҳли суннатга зид хаворижларданмисан?) Ҳеч қайси биримизга ҳайз кўрганда ўқимаган намозларнинг қазосини ўқиш буюрилмаган!».
Ҳарура - Куфадан икки мил масофада бўлган бир қасабанинг номи. Хорижийлар (Ховориж) мазҳабидан бўлганлар ҳаруралик дейилади. Чунки, Ҳазрати Али (карромаллоҳу важҳаҳу)га қарши чиққан хаворижларнинг биринчи фирқаси ўша ерда тўпланган эди. Хаворижлар турли фирқаларга бўлинган. Бироқ ҳаммалари иттифоқ қилган асос масалалардан бири Қуръоннинг амрига буйсунмоқ, аммо ҳадиснинг Куръонда топилмаган амрини рад этмоқдир. Оиша (розияллоҳу анҳо) «Сен ҳарураликмисан?» дейишлари ана шунинг учундир. (Муборакфурий)
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Ҳоиз (ҳайз кўрган аёл) намозни қазо қилмаслиги (кейин адо этмаслиги) Оиша (розияллоҳу анҳо)дан мутааддид важҳлардан ривоят қилинган. Фақиҳларнинг умумий қавли шудир: Ҳоиз рўзани қазо қилади (кейин тутиб беради), аммо намозни қазо қилмайди, деган фикр борасида ораларида ихтилоф йўқ.