Истиҳоза кўрган аёл бир ғусл билан икки вақт намозни жамъ қилиб ўқимоғи
Ҳамна бинти Жаҳш (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтди: «Ой кўриш муддатидан зиёд, кўп оғир ҳайз кўрар эдим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим; аҳволимни билдирмоқчи ва фатво сўрамоқчи эдим. Ул зотни эгачим Зайнаб бинти Жаҳшнинг уйида топдим ва дедимки: «Ё Расулуллоҳ! Мен ой кўриш муддатидан зиёд, кўп оғир ҳайз кўргувчиман! Бу ҳақда менга нимани амр қиласиз? Чунки, бу мени рўзадан ва намоздан қолдирди». Айтдиларки: «Сенга пахтани тавсия қиламан, чунки пахта қонни кетказади». Ҳамна деди: «Пахта асқотмайдиган даражада кўп қон келади». (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «(Қон оқиши ва ёйилишини ушлайдиган) бир боғич тутгин». Ҳамна деди: «Қон бундан ҳам кўп келади». (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Бирор буюм (кийим) тутгил», - дедилар. Ҳамна: «Қон бундан ҳам кўп келади, тўхтовсиз оқиб туради», — деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Сенга икки нарсани буюраман, қайси бирини қила олсанг, шу сенга кифоя. Агар икковини қила олсанг ҳам, ўзинг биласан. Бу, албатта, фақат шайтоннинг бузғунчилигидир. Буни Аллоҳу таолонинг илмига ҳавола этиб, олти кун ёки етти кунни ҳайз кунлари ҳисоблагин, кейин ғусл қилгин, агар тозаланганинг ва покланганингни кўрсанг, йигирма тўрт кун ёки йигирма уч - кун кеча ва кундуз намоз ўқи, рўзангни тут, намозингни ҳам ўқийвер. Ўша ғусл (бу муддат учун) сенга етади! Аёллар одатда қай вақтда ой кўриб, қай вақтда ҳайздан покланса, сен ҳам ўшандай қил. Агар кучинг етсаки, пешинни орқароққа суриб ва асрни илдамлатиб, унга уласанг, бу орада поклансанг (қон тўхтаганини кўрсанг), ғусл қилиб, пешин билан аср намозларини жамъ қилиб ўқи, (ва агар кучинг етсаки), кейин шомни кечиктириб ва ҳуфтонни илдамлатсанг, кейин ғусл қилиб, бу икки намозни ҳам жамъ қилиб ўқисанг, шундай қил. Бомдод намози учун (алоҳида) ғусл қилиб, намозингни ўқийсан. Ана шундай қилгин. Агар рўза тутмоққа кучинг етса, рўзангни ҳам тутавер». Шундан сўнг (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдиларки: «Бу икки ишдан менга ажиброғи шунисидир».
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
Убайдуллоҳ ибн Амр Ар-Роккий, Ибн Журайҳ ва Шорик бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Оқилдан, Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳадан, у амакиси Имрондан, у онаси Ҳамнадан ривоят қиладилар. Ажабки, Ибн Журайҳ «Умар ибн Талҳа» дейди.
Ҳолбуки, саҳиҳ сўз — «Имрон ибн Талҳа»дир.
Муҳаммад (Ал-Бухорий)дан бу ҳадис ҳақида сўрадим, «Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ» деди.
Истиҳоза кўрган аёл ҳақида Аҳмад ва Исҳоқ бундай дейишади: «Кошки ҳайзнинг муддатини, қоннинг келиши ва тугаши билан билса, чунки қоннинг келиши қора бўлмоғи ва тугаши эса сариққа ўзгарувидир; ана шу такдирда Фотима ибн Ҳубайшнинг ҳадисига биноан фатво берилади. Агар, истиҳоза кўрган аёлнинг истиҳозадан аввал муайян (белгили ҳайз кўриш) кунлари бўлса, намозни ҳайз кунларида тарк этади; кейин ғусл қилиб, ҳар намоз учун (янги) таҳорат олиб, намозини ўқийди. Қон давом этса-ю, аёлнинг муайян (ҳайз) кунлари бўлмаса, ҳайзини қоннинг келиши ва кетиши билан билмаса, бу ҳолатда Ҳамна ибн Жаҳш ҳадиси асосида фатво берилади».
Абу Убайда ҳам шундай дейди.
Шофиъий айтадики, истиҳоза кўрган аёл, агар илк ҳайз кўрганида қон давом этса ва бу ҳол чўзилиб кетса, ҳайз бошланган кун билан (бирга) ўн беш кун орасида намозни тарк этади. Борди-ю, ўн беш кунда ёки ундан олдинроқ покланса, шу муддат унинг ҳайз кунларидир. Агар ўн беш кундан ортиқ қон кўрса, ўтган ўн тўрт куннинг намозини қазо қилади ва ҳайз муддатининг энг ози бўлган бир кун ва бир кечанинг намозини тарк этади.
Ҳайз муддатининг ози ва кўпи борасида илм аҳли ихтилоф қилишган: бирови энг оз уч кун ва энг кўпи ўн икки кун эканини айтади. Суфён Ас-Саврий ва Куфа аҳлининг (ҳанафийларнинг) қавли шундай. Ибнул-Муборак шу қавлга эга бўлган, айни вақтда, бошқа бир фикрга эга бўлгани ҳам ривоят қилинган. Орасида Ато ибн Абу Рабоҳ бўлган баъзи илм аҳли ҳайз муддатининг энг ози бир кеча-кундуз деб, энг кўпи 15 кун деб айтдилар. Молик, Ал-Авзоий, Шофиъий, Аҳмад, Исҳоқ ва Абу Убайданинг қавли шудир.