Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйхоналарда намоз ўқир эдилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Қўйхоналарда намоз ўқингизлар, аммо туяхоналарда намоз ўқимангизлар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Имрон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам етти жойда намоз ўқимоқни манъ этдилар: ахлатхонада, қассобхонада (қушхонада), қабристонда, кўчанинг ўртасида, ҳаммомда, туяхонада, Байтуллоҳнинг тепасида».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Робиъадан ривоят қилинди: айтди: «Қоронғу бир кечада Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. Қибла қайси томонда эканлигини билолмадик. Ҳар ким йўналган томонига қараб намоз ўқиди. Тонг отгач, бу ҳолатни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдик. Шунда: «Бас, қай тарафга юз бурсангиз, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир», деган ояти карима нозил бўлди».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Машриқ билан Мағриб ораси қибладир».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ал-Барро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида ўн ой ёки ўн етти ой Байтил-Мақдисга (Қуддусдаги Масжид-ал-Ақсога) қараб намоз ўқидилар. Аслида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага юзланиб намоз ўқимоқни орзу қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб сайр қилдирганингизни кўряпмиз. (Хотиржам бўлинг), Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юз ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг!..» («Ал-Бақара» сураси, 144-оят) деган ояти каримани нозил қилди. Шундай қилиб, у кишининг юзи Каъбага ўгирилди, ўзлари шуни севар эдилар. Бир киши у зот билан бирга аср намозини ўқигач, кейин ансорийлардан бўлмиш бир қавм олдига борди; улар аср намозини ўқиётиб, Байтул-Мақдисга қараб рукуъ қилиб туришган эди. У киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқиганига шоҳидлик бериб, у зот Каъбага юзланганларини айтди: «Шунда бутун қавм Каъбага қараб ўгирилди», деди.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Умар ибн Аби Саламадан ривоят қилинди: «У, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Саламанинг уйларида бир (қават) кийимга ўралиб намоз ўқиётганларини кўрди».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан бундай деб айтгани ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Бир киши рўпарасига эгарнинг орқаси баробар ёки ўртаси баробар нарсани тўсиқ қилиб қўймасдан намоз ўқиётган бўлса, унинг намозини қора ит, аёл киши, эшак кесади. (Абдуллоҳ ибн Сомит) айтади: «Абу Заррга: «Қора итнинг қизил итдан ёки оқ итдан нима фарқи бор?» дедим. Айтдики, «Эй биродарзодам! Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраган нарсани мендан сўрадинг: (У зот): «Қора ит шайтондир!» деб айтганлар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинди; айтди: «Мен Фазл билан бир мода эшакка мингашиб олган эдим. Минога келсак, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан Минода (олдиларига тўсиқ қўймай) намоз ўқиётган эканлар. Уловдан тушиб, сафга қўшилдик. Улов уларнинг олдидан кесиб ўтди ва (лекин) намозларини кесмади (бузмади)».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Бусро ибн Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: Зайд ибн Холид Ал-Жуҳаний, (Умар ибн Убайдуллоҳнинг қули) Абун-Назрни Абу Жуҳаймга юбориб, намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтмоқ борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан нима эшитганини сўратди. Абу Жуҳайм айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтувчи киши қандай (гуноҳ) иш қилаётганини билса эди, намозхоннинг олдидан кесиб ўтмай, яхшиси, қирқ тўхтаб, кутиб турган бўлар эди». Абун-Назр айтадики, ўшанда қирқ кун дедиларми, қирқ ойми ёки қирқ йилми - билолмадим».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ