Машриқ билан мағриб ораси қибладир
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Машриқ билан Мағриб ораси қибладир».
Яҳё ибн Мусодан, Муҳаммад ибн Аби Маъшардан ривоят қилинди: ўша ҳадиснинг ўзи.
Абу Ҳурайранинг ҳадиси мутааддид важҳлардан ривоят қилинди. Баъзи илм аҳли, Абу Маъшарни хотираси жиҳатидан танқид қилган. Абу Маъшарнинг исми - Бани Ҳошим мавлоси Нужайҳ. Муҳаммад (Ал-Бухорий) айтади: «Мен ундан бирор нарса ривоят қилмайман, аммо бошқалар ривоят қилган. Абдуллоҳ ибн Жаъфар Ал-Маҳрамийнинг: «Машриқ билан мағриб ораси қибладир» деган ҳадиси Усмон ибн Муҳаммад Ал-Аҳнасийдан, Саъид Ал-Мақбурийдан, Абу Ҳурайрадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган. Унинг Абдуллоҳ ибн Жаъфар Ал-Маҳрамий дейилиши Ал-Мусвир ибн Маҳраманинг ўғли экани туфайлидир.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ.
«Машриқ билан мағриб ораси қибладир» деган ҳадис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан мутааддид кйшилардан ривоят қилинган. (Ҳазрати) Умар ибн Ал-Хаттоб, (Ҳазрати) Али ибн Абу Толиб ва Ибн Аббос (розияллоҳу анҳум) шулар орасида борлар.
Ибн Умар айтади: «Мағрибни ўнг томонига ва машриқни чап томонига олиб, қиблага қараб йўналса, икковининг ораси қибладир».
Ибнул-Муборак айтади: «Машриқ билан мағриб ораси қибладир» деган ҳадис машриқ аҳли учундир».
Абдуллоҳ ибн Ал-Муборак, Марв аҳолиси чапга мойил бўлмоғи керак, деб ихтиёр қилган.
Ибнул-Муборакнинг «Машриқ аҳлининг қибласи машриқ билан мағриб орасидир» деган сўзи борасида Аш-Шавқоний бундай хулоса қилади: «Ибнул-Муборакнинг бу сўзида ишкал бор. Чунончи, машриқдаги кишининг қибласи мағрибдир. Чунки Макка машриқ билан мағриб орасида жойлашган. Бу ишкалнинг жавоби ушбудир: Ибнул-Муборак машриққа қарашли юртлардан Ироқ сингари номига машриқ дейиладиган ўлкаларни кўзда тутган, ҳақиқатан буларнинг қибласи машриқ билан мағриб орасидир». Марв аҳолиси учун эса бир оз чапга мойил бўлмоқни ихтиёр этмоқда. «Қомус»да Марв Эрондаги бир шаҳар эканлиги айтилади. Аллома Муҳаммад Тоҳир эса «Ал-Муғна»да Марв Хуросондаги бир шаҳар эканини айтади.
Улуғ аллома Ал-Мақризий, «Машриқ билан мағриб ораси қибладир» ҳадисининг шарҳида, жумладан, бундай дейди: «Чуқур фикрласанг, бу ҳадис Шом, Мадина ва хоҳ шимол, хоҳ жанубда шу минтақага қарашли ўлкаларга хос эканлигини англайсан. Чунки, ҳадисни бутун ер юзи учун деб қабул қилинишининг имкони йўқ. Айрим ўлкалар учун қибла машриқ билан мағриб ораси эмаслиги ҳақиқатдир. Жуғрофий маълумотингиз бўлса ва ўлкаларнинг ҳудудларидан воқиф бўлсангиз, билгайсизки, инсонлар Каъбага йўналганда марказнинг атрофини қуршаган доира сингаридир. Каъбанинг, ғарбида бўлганлар намозларида шарққа йўналади, шарқида бўлганлар эса ғарбга йўналади. Шимолида бўлганлар жанубига, жанубида бўлганлар шимолига йўналади. Каъбанинг жанубий-шарқида бўлганлар учун қибла шимолий-ғарб, жанубий-ғарбида бўлганлар учун эса қибла шимолий-шарқдир. Каъбанинг шимолий-шарқидагилар учун қибла жанубий-ғарб, шимолий-ғарбидагилар учун эса қибла жанубий-шарқдир.