Намоз ўқиётган одамнинг олдидан кесиб ўтмоқ кароҳат эканлиги
Бусро ибн Саъид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: Зайд ибн Холид Ал-Жуҳаний, (Умар ибн Убайдуллоҳнинг қули) Абун-Назрни Абу Жуҳаймга юбориб, намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтмоқ борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан нима эшитганини сўратди. Абу Жуҳайм айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намоз ўқиётган одамнинг олдидан ўтувчи киши қандай (гуноҳ) иш қилаётганини билса эди, намозхоннинг олдидан кесиб ўтмай, яхшиси, қирқ тўхтаб, кутиб турган бўлар эди». Абун-Назр айтадики, ўшанда қирқ кун дедиларми, қирқ ойми ёки қирқ йилми - билолмадим».
Бу бобда Абу Саъид Ал-Худрий, Абу Ҳурайра, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амрдан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Жуҳаймнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деб айтганлари ҳам ривоят қилинган: «Сизлардан бирортангиз, намоз ўкиётган одамнинг олдидан кесиб ўтганидан кўра, юз йил тўхтаб, кутиб турмоғи яхшироқдир.
Илм аҳлининг амали шу ҳадис асосидадир. Намоз ўқиётган одамнинг олдидан кесиб ўтишни макруҳ деб қараганлар, лекин бу қилиқ намозхоннинг намозини бузмайди, деб қарор қилганлар.