Булутли ҳавода қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқимоқ
Робиъадан ривоят қилинди: айтди: «Қоронғу бир кечада Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. Қибла қайси томонда эканлигини билолмадик. Ҳар ким йўналган томонига қараб намоз ўқиди. Тонг отгач, бу ҳолатни Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдик. Шунда: «Бас, қай тарафга юз бурсангиз, ўша жой Аллоҳнинг тарафидир», деган ояти карима нозил бўлди».
Бу ҳадиснинг исноди унча соғлом эмас. Уни ёлғиз Ашъас Ас-Саммон ривоятидан биламиз. Ашъас ибн Саъид Абур-Робиъ Ас-Саммон ҳадисда заиф эканлиги қайд этилган.
Илм аҳлининг кўпчилиги шу ҳадисни эгаллайдилар ва бундай дейдилар: Булутли ҳавода қиблани адаштириб намоз ўқиса ва кейин бошқа томонга қараб намоз ўқиганини аниқлаб қолса, намози жоиздир.
Суфён Ас-Саврий, Ибнул-Муборак, Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шудир.