Қаерда, нимага қараб намоз ўқимоқ макруҳ эканлиги
Ибн Имрон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам етти жойда намоз ўқимоқни манъ этдилар: ахлатхонада, қассобхонада (қушхонада), қабристонда, кўчанинг ўртасида, ҳаммомда, туяхонада, Байтуллоҳнинг тепасида».
Қози Абу Бакр ибн Ал-Арабий Термизий китоби шарҳида: «Намоз ўқимайдиган жойлар ўн учта», дейди ва ҳадисда ворид бўлган еттита жойга ушбуларни қўшади: 8. Қабрга қараб намоз ўқиш. 9. Деворига нажосат суртилган хожатхонага қараб туриш. 10. Калисо (черков). 11. Синагог (яҳудийлар ибодатхонаси). 12. Ҳайкалларга қараб туриш. 13. Жазо минтақаси. Ал-Ироқий бу жойларни ўн тўққизтага етказади: 14. Босиб-талаб олинган тупроқ. 15. Ухлаётган ва гаплашаётган кишиларга қараб намоз ўқиш. 16. Водийнинг ичи (суви қуриган дарё ўзани). 17. Тортиб-талаб олинган уй. 18. Дирор масжиди (мунофиқлар қурган масжид). 19. Тандир... Бу жойлар саноғини яна кўпайтирганлар ҳам бор. Аммо бу ерларнинг ҳаммасида ёки кўпида намоз ўқиш дуруст деб айтганлар ҳам бор. Булар: «Намоз қаерда сенга тўғри келса, дарҳол ўқиб ол!» деган ҳадисга таяниб, юқорида зикр этилган жойларда намоз ўқимаслик сахиҳ ҳадисга асосланмаган кишиларнинг нуқтаи-назари, деб ҳисоблашади.
Бу ҳадис маъноси билан Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) воситасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шунга яқин тарзда ривоят этилган.
Бу бобда Абу Мирсад, Жобир ва Анас (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Ибн Умар ҳадиснинг исноди унча соғлом эмас. Зайд ибн Жабира хотираси жиҳатидан танқид қилинган.
Абу Лайс ибн Саъд бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Умар Ал-Умарийдан, Нофиъдан, Ибн Умардан, Умардан (розияллоҳу анҳум), Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан айнан ривоят қилган.
Ибн Умарнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ривояти Ал-Лайс ибн Саъиднинг ривоятидан кўра яқинроқ ва саҳиҳроқ. Чунки баъзи муҳаддислар, Абдуллоҳ ибн Умар Ал-Умарий хотираси эканини қайд этганлар. Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттон шу муҳаддислар орасида бор.