Сунани Термизий
Зайд ибн Арқом (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида намоз пайтида сўзлашар эдик. Орамиздан бирортаси ёнидаги шериги билан гаплашаверар эди. Ниҳоят, «Ва Аллоҳ учун (Аллоҳнинг ҳузурида) бўйин эгган ҳолда турингизлар» ояти нозил бўлди. Ана шунда сукут сақламоққа буюрилдик ва каломдан (сўзлашувдан) қайтарилдик».
Ҳадис ҳақида батафсилроқРифоъа ибн Рофиъ Ал-Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида намоз ўқидим. Аксирдим ва шунда: «Алҳамдулиллаҳи ҳамдан касийрон тоййибан муборакан фийҳи муборакан ъалайҳи кама йуҳиббу Роббуна ва йарзо» («Ўзи севган ва Ўзи рози бўлган шаклда Роббимиз Аллоҳга ҳисобсиз, гўзал, ичда ва ташда муборак ҳамд бўлсин!») дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ўқиб бўлдилар ва ўгирилиб, «Намозда сўзлаган ким эди?» дедилар. Ҳеч ким садо чиқармади. Кейин иккинчи марта: «Намозда сўзлаган ким эди?» дедилар. Яна ҳеч ким миқ этмади. Кейин учинчи марта: «Намозда сўзлаган ким эди?» дедилар. Шунда Рифоъа ибн Рофиъ ибн Арроъ (ровийнинг ўзи): «Мен эдим, ё Расулуллоҳ!..» деди. «Нима деб айтдинг?» дедилар. «Алҳамдулиллаҳи ҳамдан касийрон тоййибан муборакан фийҳи, муборакан ъалайҳи кама йуҳиббу Роббуна ва йарзо» деб айтдим», деди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Жоним қудрати қўлида бўлган зотга қасамки, ўттизтача фаришта, бу (ҳамд)ни қайси биримиз олиб юксалиб чиқар эканмиз, деб, тараддудга тушди».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАбу Молик Ал-Ашжаъийдан ривоят қилинди; айтди: «Отамга дедимки, «Эй отажон! Сиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида, Абу Бакр, Умар ва Усмоннинг орқаларида, бу ерда, Куфада Али ибн Абу Толибнинг орқаларида беш йил намоз ўқигансиз. Улар бомдод намозида қунут ўқишармиди?». Айтдиларки, «Эй ўғилгинам! Бу бидъатдир!».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАл-Барро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод ва шом намозларида қунут қилар эдилар».
Ҳадис ҳақида батафсилроқСаъид ибн Язид Абу Саламадан ривоят қилинди; айтди: Анас ибн Моликдан «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам наълда (пойабзалда) намоз ўқиганмидилар? - деб сўрадим. «Ҳа» деди».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАбу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракъат ўқиб, тамом қилдилар. Шунда Зулйадайн у кишига: «Намоз қисқардими ёки унутдингизми, ё Расулуллоҳ? деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зулйадайн рост айтмоқдами?» дедилар. Одамлар: «Ҳа», дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, яна икки ракъат намоз ўқидилар. Кейин салом бердилар. Кейин такбир айтиб, одатдагидек ёки ундан узунроқ бир сажда қилдилар, кейин такбир айтиб саждадан кўтарилдилар ва яна одатдагидек ёки ундан ҳам узунроқ бир сажда қилдилар».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАбдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деганларини эшитдим: «Сизлардан бирортангиз намозда саҳв қилса ва бир ракъатми ёки икки ракъатми ўқиганини билмаса, унда бир ракъат устида тўхталсин (яъни бир ракъат деб ҳисоблагин); борди-ю, икки ракъатми ёки уч ракъатми ўқиганини билмай қолса, унда икки ракъат устида тўхталсин; борди-ю, уч ракъатми ёки тўрт ракъатми ўқиганини билмаса, унда уч ракъат устида тўхталсин ва салом бермасдан олдин икки сажда қилсин».
Ҳадис ҳақида батафсилроқАбу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Албатта, шайтон намоз пайтида ҳар бирингизга келади ва неча ракъат ўқиганини билмасин, деб фикрини чалғитади. Сизлардан бирортангиз шу ҳолга тушса, ўтирган ҳолатда икки сажда қилсин».
Ҳадис ҳақида батафсилроқИёз ибн Ҳилолдан ривоят қилинди: «Абу Саъидга «Баъзиларимиз намоз ўкиймиз-у, қандай (қанча) ўқиганимизни билмай қоламиз?» дедим. Шунда айтдики, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Сизлардан бирортангиз намоз ўқиса-ю, қандай (яъни канча) ўқиганини билмаса, ўтирган ҳолида икки сажда қилсин».
Ҳадис ҳақида батафсилроқИмрон ибн Ҳусайндан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоатга намоз ўқиб бердилар-да, саҳв қилдилар Кейин икки сажда қилдилар, кейин салом бердилар».
Ҳадис ҳақида батафсилроқ