Умму Ҳабиба (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки бир қеча-кундузда ўн икки ракъат намозни ўқиб борса, Аллоҳ унга Жаннатдан бир уй бино қилгайдир: пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракъат ва фарзидан кейин икки ракъат; шомнинг фарзидан кейин икки ракъат; хуфтоннинг фарзидан кейин икки ракъат; бомдоднинг фарзидан олдин икки ракъат».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки ўн икки ракъат суннат намозида бардавом бўлса, Аллоҳ унга Жаннатдан бир уй бино қилур: пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракъат ва фарзидан кейин икки ракъат; шомнинг фарзидан кейин икки ракъат; хуфтоннинг фарзидан кейин икки ракъат; бомдоднинг фарзидан олдин икки ракъат».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ҳурайс ибн Қабийсадан ривоят қилинди, айтди: «Мадинага келдим ва дедимки, «Аллоҳим! Менга солиҳ бир суҳбатдош муяссар айлагин!..» Айтади: «Абу Ҳурайрага интилдим-да, «Мен Аллоҳдан ўзимга солиҳ бир суҳбатдош насиб айламоғини сўраган эдим. Энди менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисингни айтиб бер, шояд Аллоҳ ундан менга манфаат етказса!..» дедим. Шунда (Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, бундай дедилар: «Қиёмат кунида банданинг ўз амалларидан биринчи ҳисоб берадиган нарсаси унинг намозидир. Агар намози тўкис бўлса, халос ва нажот топиб, муродига етгай. Агар фосид бўлса, номурод бўлгай ва зарар-зиён топгай. Агар фарзлардан бирор ками бўлса, Рабб таборак ва таъоло: «Қаранглар-чи, бандамнинг нафл намозлари борми?» дейди ва фарзлардан етишмаган миқдорни ўша билан тўлдиради, мукаммал қилади. Кейин бошқа амали ҳам шу тартиб-қоида асосида бўлади».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ал-Муғийра ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқийвериб, ҳатто муборак оёқлари шишиб кетди. Шунда у кишига айтилдики, «Сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингиз кечирилган-ку, нега ўзингизни бунча кулфатга соласиз?» Айтдилар: «Ахир, шукр қилгувчи банда бўлмайинми?».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Яъло ибн Мурро (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Бир сафарда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлдилар. Шунда йўлнинг тор бир жойига бориб қолдилар. Намоз вақти кирган ва ёмғирда қолган эдилар. Устларидан ёмғир ва остларидан лойқа (намоз ўқишга монеълик қиларди). Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам туянинг устида азон айтдилар, иқомат келтирдилар, туянинг устида олдинга ўтиб, уларга намоз ўқиб бердилар. (Намозни) имо билан ўқидилар, саждаларини рукуъларидан кўра пастроқ қилар эдилар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Камбағал кишилар Расуллулоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дедиларки, «Ё Расулуллоҳ! Бой кишилар худди бизлардек намоз ўқишади, худди бизлардек рўза тутишади. Тағин уларнинг мол-дунёси бор; қул озод этишади, садақалар беришади?..» (Расули Акрам) айтдилар: «Намоз ўқиганингизда(н кейин) ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар» ва ўн марта «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтингизлар. (Шунда) сизлардан ўзганларга етиб олгайсизлар ва сизлардан орқада қолганлар сизлардан ўзиб кета олмагайлар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан биргалиқда бир сафарда эдик. Ёмғирга тутилдик. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким хоҳласа, намозини ўз чодирида ўқисин», дедилар.

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намозининг охирида (ташаҳҳуд миқдорида) ўтириб, салом беришдан олдин таҳорати бузилса, — яъни намоз ўқиган кишини айтмоқчилар - унинг намози жоиздир».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Сабра ибн Маъбад Ал-Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Болага етти ёшида намозни ўргатинглар ва ўн ёшида уни намоз учун уринглар».

Ҳадис ҳақида батафсилроқ

Асмо ибн Ҳакам Ал-Фазорийдан ривоят қилинди; айтди: «(Ҳазрати) Али (карромаллоҳу важҳаҳу)дан бундай деганини эшитдим: «Мен шундай бир киши эдимки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан битта ҳадис эшитсам, Аллоҳ ўзи хохлаганича ўша ҳадисдан мени манфаатлантирар эди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирор киши менга ҳадис айтса, унга қасам ичдирар эдим. Агар онт ичса, уни тасдиқ этар эдим. Абу Бакр менга (ушбу ҳадисни) баён этди, Абу Бакр эса сиддиқдир. Айтдики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, бундай дедилар: «Бир киши бирор гуноҳ қилса-ю, кейин туриб, покланса, кейин намоз ўқиса, кейин истиғфор айтиб, Аллоҳдан мағфират тиласа, Аллоҳ албатта уни кечиргайдир». Кейин (Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу оятни охиригача ўқидилар: «Улар (тақводор зотлар) шундай кишиларки, қачон бирор нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират этмоғини сўрайдилар, гуноҳларни Аллоҳдан бошқа ким ҳам мағфират қилур? — ва билган ҳолларида гуноҳларида давом этмайдилар...» (Оли Имрон сураси, 135-оят)

Ҳадис ҳақида батафсилроқ