Ёш болага қачондан намоз ўқиш буюрилади?
Сабра ибн Маъбад Ал-Жуҳаний (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Болага етти ёшида намозни ўргатинглар ва ўн ёшида уни намоз учун уринглар».
Калтак учун ўн ёш белгиланишининг сабаби шуки, болаларнинг кўпчилиги бу содда калтакка дош бера оладиган бўлади. Аммо калтак жароҳат етказмайдиган бўлиши ва калтаклаганда бошга урилмаслиги керак.
Бу бобда Абдуллоҳ ибн Амрдан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Довуд, Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳадисини марфуъ тарзида бундай тахриж қилган: «Болаларингизга етти ёшида намозни ўргатинглар. Ўн ёшида намоз учун уларни уринглар ва ётоқларини алоҳида қилинглар».
Сабра ибн Маъбад Ал-Жуҳанийнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Баъзи илм аҳлларининг амали шу ҳадис асосидадир. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли ушбудир: «Бола ўн ёшдан кейин ўтказиб юборган намозларини иода қилади», дейишади.
Сабра Маъбад Ал-Жуҳанийнинг ўғли. У Авсажанинг ўғли ҳам дейилади.