Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Намозининг охирида (ташаҳҳуд миқдорида) ўтириб, салом беришдан олдин таҳорати бузилса, — яъни намоз ўқиган кишини айтмоқчилар - унинг намози жоиздир».

Бу ҳадиснинг исноди соғлом эмас. Унинг исноди (масаласи)да (муҳаддислар) чалкашликка тушганлар.

Бу чалкашлик, ҳадис бошқа-бошқа ва бир-биридан фарқли важҳлардан ривоят этилгани туфайли юзага келган. Чалкашлик -санадда ёки матнда бўлади, ёки бир ровийдан ёки бир неча ровийдан содир бўлади. Музтариб ҳадис, пухта қамралганини ишорат қилгани учун заифдир. Ал-Қорий: «Мутааддид важҳлардан ривоят этилмоғи уни заиф мартабасидан ҳасан мартабасига етказади», дейди ва у ҳадиснинг мутааддид важҳлари борлигини таъкидлайди.

Айрим илм аҳллари (яъни Ҳанафий мазҳаби соҳиблари) шу ҳадисни эгаллаб, «Ташаҳҳуд миқдорида ўтириб, салом беришдан олдин таҳорати бузилса, намози тугалдир», дейишган.

Абу Ҳанифа ва соҳибайннинг (икки биродарининг) қавли шудир. Шу фарқ биланки, Абу Ҳанифа таҳорат бузилиши ўз қасди билан бўлган тақдирда, деб ҳисоблайди. Соҳибайн эса бутунлай қабул қилади.

Баъзи илм аҳллари эса бундай дейдилар: «Хоҳ ташаҳҳуд ўқимасдан олдин бўлсин, хоҳ салом беришдан олдин бўлсин, таҳорати бузилса, намозни иода қилади (қайта ўқийди)». Имом Шофиъийнинг қавли шудир.

Имом Аҳмад айтади: «Ташаҳҳуд ўқимасдан ҳам салом берса, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Намознинг таҳлили - саломдир» деган қавлларига биноан, у кишининг намози жоиздир. Ташаҳҳуд (саломдан) енгилдир. Нечукким, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракъатидан (ўтирмай) туриб кетганлар ва ташаҳҳуд ўқимасдан намозларида давом этганлар».

Исҳоқ ибн Иброҳим: «Ташаҳҳуд ўқиса, салом бермаса ҳам намози жоиздир» дейди ва Ибн Масъуднинг ҳадисини далил сифатида кўрсатади. Чунончи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)га ташаҳҳудни ўргатганларида бундай деб айтдилар: «...Бундан (ташаҳҳудни ўқимоқдан) фориғ бўлгач, зиммангдаги нарсани адо этган бўлурсан».

Абдурраҳмон ибн Зиёд бу - Ал-Ифриқийдир. Баъзи муҳаддислар унинг (ҳадисда) заиф эканини қайд этганлар. Яҳё ибн Саъид Ал-Қаттон ва Аҳмад ибн Ҳанбал шулар орасидадир.

Дўстларигиз билан улашинг!

Ҳадислар рўйхатига қайтиш