Қиёмат кунида банданинг берадиган биринчи ҳисоби намоздандир
Ҳурайс ибн Қабийсадан ривоят қилинди, айтди: «Мадинага келдим ва дедимки, «Аллоҳим! Менга солиҳ бир суҳбатдош муяссар айлагин!..» Айтади: «Абу Ҳурайрага интилдим-да, «Мен Аллоҳдан ўзимга солиҳ бир суҳбатдош насиб айламоғини сўраган эдим. Энди менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисингни айтиб бер, шояд Аллоҳ ундан менга манфаат етказса!..» дедим. Шунда (Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, бундай дедилар: «Қиёмат кунида банданинг ўз амалларидан биринчи ҳисоб берадиган нарсаси унинг намозидир. Агар намози тўкис бўлса, халос ва нажот топиб, муродига етгай. Агар фосид бўлса, номурод бўлгай ва зарар-зиён топгай. Агар фарзлардан бирор ками бўлса, Рабб таборак ва таъоло: «Қаранглар-чи, бандамнинг нафл намозлари борми?» дейди ва фарзлардан етишмаган миқдорни ўша билан тўлдиради, мукаммал қилади. Кейин бошқа амали ҳам шу тартиб-қоида асосида бўлади».
Яъни, фарзларнинг ками бўлса, нафл рўзалар билан, закотдан ками бўлса, садақа ва эҳсонлар билан тўлдирилади.
Бу бобда Тамим Ад Дорий (розияллоҳу анҳу)дан ҳадис ривоят қилинган Абу Ҳурайранинг ҳадиси бу важҳдан ҳасан-ғариб. Бу ҳадис Абу Ҳурайрадан бошқа важҳдан ҳам ривоят қилинган.
Ҳасаннинг биродарларидан баъзилари Ҳасандан, Қобийса ибн Зувайбдан бошқа бир ҳадис ривоят қилганлар. Машҳур бўлгани Қобийса ибн Зувайб эмас, Қобийса ибн Ҳурайсдир.
Ат-Термизий китобининг бошқа бир нусхасида Қобийса ибн Ҳурайс ибн Қобийса дейилади ва бу ҳам изоҳга муҳтождир. Диққат қилинса, Ат-Термизий ҳадис бошида «Ҳурайс ибн Қобийса» деб айтдилар...
Анас ибн Ҳакимдан, Абу Ҳурайрадан, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан шунга яқин бир ҳадис ривоят қилинган.