Бир кеча-кундузда ўн икки ракъат суннат намози ўқимоқнинг фазилати
Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинди; айтдилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кимки ўн икки ракъат суннат намозида бардавом бўлса, Аллоҳ унга Жаннатдан бир уй бино қилур: пешиннинг фарзидан олдин тўрт ракъат ва фарзидан кейин икки ракъат; шомнинг фарзидан кейин икки ракъат; хуфтоннинг фарзидан кейин икки ракъат; бомдоднинг фарзидан олдин икки ракъат».
Бу бобда Умму Ҳабиба, Абу Ҳурайра, Абу Мусо ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Оиша (онамиз)нинг ҳадиси бу важҳдан ғариб. Муғийра ибн Зиёд ҳақида баъзи илм аҳллари хотираси жиҳатдан (танқидий) сўз қилишган.
Ҳақиқатда икки ривоятдан бирига биноан Ибн Маин, Ибн Адий ва бошқалар Муғийра ибн Зиёдни тавсиқ этганлари (муҳкам ва устивор кўрганлари) таъкидланган. Бинобарин, ҳадис - ҳасан даражасидан паст бўлмаса керак.