Ортиқча ёки кам ўқиганига шубҳа қилган киши
Иёз ибн Ҳилолдан ривоят қилинди: «Абу Саъидга «Баъзиларимиз намоз ўкиймиз-у, қандай (қанча) ўқиганимизни билмай қоламиз?» дедим. Шунда айтдики, «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Сизлардан бирортангиз намоз ўқиса-ю, қандай (яъни канча) ўқиганини билмаса, ўтирган ҳолида икки сажда қилсин».
Яъни, шубҳани тарк этиб, чамалаган миқдори устидан (ўқишда) давом этсин ва кейин саломдан олдин икки сажда қилсин. Муслим ва бошқа имомларнинг ривоятларида (Расули Акрам) саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтадилар: «Сизлардан бирортангиз намозида шубҳа қилса, неча ракъат - уч ракъатми, тўрт ракъатми ўқиганини билмаса, шубҳани тарк этсин ва чамалаган миқдори устидан адо этсин. Кейин салом бермасдан олдин икки сажда қилсин».
Бу бобда Усмон, Ибн Масъуд, Оиша ва Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган. Абу Саъиднинг ҳадиси ҳасан. Бу ҳадис Абу Саъиддан бошқа важҳдан ҳам ривоят қилинган.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деб айтганлари ривоят қилинди: «Сизлардан бирортангиз бир ракъат билан икки ракъат ўртасида шубҳага борса, буни бир ракъат деб ҳисобласин; икки ракъат билан уч ракъат ўртасида шубҳага борса, буни икки ракъат деб ҳисобласин. Ва бундай ҳолларда салом бермасдан олдин сажда қилсин».
Биродарларимизнинг амали шу ҳадис асосида.
Айрим илм аҳллари бундай дейишади: «Намозида шубҳага борса ва неча ракъат ўқиганини билмаса, намозини иода қилсин (қайта ўқисин)».