Ортиқча ёки кам ўқиганига шубҳа қилган киши
Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деганларини эшитдим: «Сизлардан бирортангиз намозда саҳв қилса ва бир ракъатми ёки икки ракъатми ўқиганини билмаса, унда бир ракъат устида тўхталсин (яъни бир ракъат деб ҳисоблагин); борди-ю, икки ракъатми ёки уч ракъатми ўқиганини билмай қолса, унда икки ракъат устида тўхталсин; борди-ю, уч ракъатми ёки тўрт ракъатми ўқиганини билмаса, унда уч ракъат устида тўхталсин ва салом бермасдан олдин икки сажда қилсин».
Яъни охирги ташаҳҳудга ўтирганида саломдан олдин икки сажда қилиб, салом беради. Чунончи, Абу Довуд ва Ибн Можанинг ривоятларида «саломдан олдин» дейилади. Илова: Ҳанафий мазҳабида «ат-таҳийят»ни «ва Расулуҳ»гача ўқигач, бир марта ўнг томонга салом беради, сўнг саждаи саҳв (икки сажда) қилиб, қайтадан «ат-таҳийят»ни ҳамда саловатни ўқийди, кейин икки томонга салом бериб, намоздан чиқади.
Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳ. Абдурраҳмон ибн Авфдан, бошқа важҳдан ҳам ривоят қилинган. Аз-Зуҳрий бу ҳадисни Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбаъдан, Ибн Аббосдан, Абдурраҳмон ибн Авфдан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди.