Намозда калом (сўзлашув)нинг манъ этилиши
Зайд ибн Арқом (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди; айтди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида намоз пайтида сўзлашар эдик. Орамиздан бирортаси ёнидаги шериги билан гаплашаверар эди. Ниҳоят, «Ва Аллоҳ учун (Аллоҳнинг ҳузурида) бўйин эгган ҳолда турингизлар» ояти нозил бўлди. Ана шунда сукут сақламоққа буюрилдик ва каломдан (сўзлашувдан) қайтарилдик».
Бу бобда Ибн Масъуд ва Муовия ибн Ал-Ҳакамдан ҳадис ривоят қилинган.
Зайд ибн Арқомнинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Илм аҳллари кўпчилигининг амали шу ҳадис асосидадир. Айтадиларки, «Киши намозда қасдан ёки унутган ҳолда сўзласа, намозни иода қилади. Суфён Ас-Саврий ва Ибнул-Муборакнинг қавли шудир. Айримлари эса бундай дейди: «Намозда қасдан сўзласа, намозни иода қилади. Унутган ҳолда ёки билмасдан сўзласа, намози жоиздир». Имом Шофиъий шу қавлга эга бўлган. (Илова: Ҳанафийлар ҳукми «Мухтасар-ул-виқоя» шарҳида бундай баён этилади: «Намозда сўзламоқ, хоҳ оз бўлсин, хоҳ кўп, хоҳ қасдан, хоҳ хатоан бўлсин, намозни фосид қилур...» - М.К.).