Пешин ва аср намозларида икки ракъатда салом бериб қўйган киши
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракъат ўқиб, тамом қилдилар. Шунда Зулйадайн у кишига: «Намоз қисқардими ёки унутдингизми, ё Расулуллоҳ? деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зулйадайн рост айтмоқдами?» дедилар. Одамлар: «Ҳа», дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, яна икки ракъат намоз ўқидилар. Кейин салом бердилар. Кейин такбир айтиб, одатдагидек ёки ундан узунроқ бир сажда қилдилар, кейин такбир айтиб саждадан кўтарилдилар ва яна одатдагидек ёки ундан ҳам узунроқ бир сажда қилдилар».
Бу бобда Имрон Ибн Ҳусайн, Ибн Умар ва Зулйадайн (розияллоҳу анҳум)дан ҳадис ривоят қилинган.
Абу Ҳурайранинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ.
Илм аҳллари бу ҳадис устида ихтилоф қилдилар. Куфа аҳлидан баъзилари: «Унутиб ёки билмасдан ёки ҳар қандай йўсинда намозда сўзлашса, намозни иода қилади (қайта ўқийди)» дейишади. Ва бу ҳадис намозда калом (сўзлашув) ҳаром қилинганидан олдин (воқеъ) бўлганини далил қилишади. Шофиъийга келсак, у буни саҳиҳ деб қараган ва қабул қилган. Айтадики, «Бу ҳадис, унутиб таом еб қўйган рўзадор киши ҳақида Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисдан кўра саҳиҳроқ. У рўзасини қазо қилмайди (қайта тутмайди). Чунки, у Аллоҳ унга эҳсон этган бир ризқдан иборатдир». Ва Шофиъий бундай дейди: «Ана, улар Абу Ҳурайранинг ҳадиси билан, рўзадор одамнинг билиб туриб таом ейиши ва унутиб таом ейиши орасида ажрим қилишган».
Имоми Аҳмад, Абу Ҳурайранинг бу ҳадиси борасида айтади: «Имом намозини тамом қилдим деган қаноатга бориб, намози билан боғлиқ ҳар қандай бир хусусда сўзлашса, кейин намозни тугатмаганини билиб қолса, намозини ўқиб битиради. Ва кимки намозини тамом қилмаганини билгани ҳолда имомнинг орқасида сўзласа, у киши намозини қайтадан ўқимоғи керак». Ва сўзини бундай исбот этади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари давомида фарзлар кўпайтирилар ва қайтирилар эди. Зулйадайн, намоз тугалланган деган яқийн билан ҳукм қилиб, сўзлаган эди. Бу ҳукм ундай эмас. Бу кун ҳеч ким Зулйадайн сўзлаган маънода сўзлай олмайди; чунки фарзлар энди на орттирилади, на камайтирилади». Имом Аҳмад тақрибан шундай деди. Исҳоқ ҳам Имом Аҳмаднинг ушбу бобдаги қавлидек сўз айтади.