Баҳоийлик
Баҳоийлик — баҳоийя - диний-сиёсий оқим. 19-а. ўрталарида Ерондаги бобийлик ҳаракатининг давоми сифатида Ироқда вужудга келган. Асосчиси Баҳоулло. У инсоният учун ягона дин, иқтисодиёт ва давлат зарур, деган ғояларни илгари суради (шу билан бобийликдан фарқ қилади). Баҳоулло фикрича, мавжуд динларни йўқотишнинг ҳожати йўқ, уларни қандайдир бир нуқсонсиз таълимот асосида бирлаштириш лозим. Аслида ҳамма динлар яхши, фақат уларни ортиқча ақида ва урф-одатлардан тозалаш керак. Муҳими - Худони севиш керак, чунки муҳаббат - тараққиётнинг шарти ва коинот қонунидир. 1979 й.да Еронда ислом инқилобидан сўнг бу таълимотнинг ўнлаб раҳнамолари қатл етилди. Баҳоийлар Осиёнинг баъзи мамлакатларида ҳам бор. Баҳоийларнинг кўпчилиги Европа ва Америкада, асосий марказлари Германия, АҚШ, Панамада, марказий қароргоҳи Хайфа (Исроил) шаҳрида. Ўзбекистонда баҳоийларнинг рўйхатдан ўтган 3 та жамоаси бор (1998). Улар Тошкент, Самарқанд, Навоий шаҳарларидадир. Ўз анъанавий байрамларини ўтказади, Хайфа ш.га зиёратга бориб турадилар.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!