Бадавия
Бадавия — (ёхуд аҳмадия) - сўфийлик тариқати. Аҳмад ал-Бадавий Мисрда асос солган. Б. амалиётда қодирийлар ва рифўийларга яқин. Б.нинг ташкилий асослари аниқ белгиланмаган. Маҳаллий зовия ва жамоа раҳбарлари номигагина тариқат раҳбарига итоат етиб, камдан-кам ҳолларда ундан фатво олганлар. Тариқат қароргоҳи асосий зиёратгоҳ - Тант ш.да жойлашган. 1333 й. тариқат асосчисининг вориси Солиҳ Абдул Ол вафотидан сўнг Б.га раҳбарлик қилиш меросий бўлган. 14-15-а.ларда айрим мамлук султонлари Б. билан алоқа боғлашган. Узоқ вақт мобайнида (20-а.нинг 50-й.ларигача) Б. Миср халқи орасида ўзининг таъсирини сақлаб келган. Б.дан камида 15 та тармоқ ажралиб чиққан, уларнинг айримлари (мас., дасуқия-бурҳония) мустақил тариқатга айланган. Б.га Миср халқининг қад. ислом ва христианликдан аввалги диний еътиқодлари, урф-одатлари чатишиб кетган. Шу сабабдан бўлса керак Абдул Ваҳҳоб аш-Шаъроний (1493-1565) Б.ни шариат йўлидан оғганликда айблаган. Б. тарафдорлари ўзига хос - қизил рангда кийим кийишган, уларнинг хирқаси ва 12 шокилали узун қалпоклари, шунингдек байроқлари ҳам қизил бўлган. Улар одатда чоршанба кунлари Тант ш.даги марказий зиёратгоҳда, махсус хоналарда (таҳдирхона) ва Қоҳирадаги ал-Ҳусайн масжидида жамоа бўлиб зикр тушишган. Унда махсус қўшиқчи хониши ва ноғора садоси остида давра бўлиб зикр тушганлар. Давра бўйлаб айланаётган зикр иштирокчилари вақти-вақти билан чуқур таъзим бажо келтириб, шу х,олатда қўлларини олдинга чўзганлар. Ўзаро учрашганларида тариқат аъзолари қўл сқиқишиб кўришганлар. Тариқат йилда уч байрамни нишонлаган. Байрам саналари қад. қбтий қуёш тақвимига қараб белгиланган. Биринчи байрам санаси "илоҳий чўқинтириш" кунига тўғри келади, қолган икки сана Нил дарёси сувининг кўтарилиши муддати билан боғлиқ (ҳосилдорликка бағишланган маросим). Байрамлар вақтидаги тартиб устидан Б. аъзоларидан тузилган махсус қўриқчилар - Нуҳ авлодлари назорат юргизишган. Уларнинг белида ёғоч қилич, кўлларида - арқон қамчин, бўйинларида турли рангдаги мунчоқ шодаси бўлиб, у кўкракка тушиб турган; бош кийимларининг тепасида рангли тизимчалардан қилинган тутама (ўрам) бўлган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!