Шаъроний — (ёки аш-Шаъровий), Абдулваҳҳоб ибн Ахмад (1493-1565) - мисрлик машҳур сўфий ва илоҳиётчи. Сақият - Абу Шаъра қишлоғида туғилган, ўз шажарасини (асоссиз равишда) Зиёнийлар сулоласидан чиққан Тлемсен ҳукмдорларига, улар орқали алавий Муҳаммад ибн ал-Ҳанафияга боғлаган. Қоҳирада яшаб, ижод етган. Шофиъийлик фиқҳини у Мисрнинг атоқли фақиҳи Закариё ал-Ансорийдан ўрганган. Ибн Арабий қарашлари унга катта таъсир кўрсатган. Қоҳирада Ш. сўфий ваъзхон сифатида тезда шуҳрат қозонган, тарафдорлари кўпайган. Бадавлат қози Абдулқодир ал-Мағозилий унга атаб мадраса курдирган ва вақф сифатида бир қанча ер мулклари ажратиб берган. Ш. ва унинг авлодлари ундан меросий фойдаланиш ҳуқуқини олганлар. Шу туфайли Ш. кўп хайр-садақалар қилган, камбағаллар, майиб-мажруҳлар, шунингдек, кўп сонли муридларини боққан, булар унинг шуҳрати янада ортишига сабаб бўлган. 1774 й. унинг сағанаси устига унинг номи билан аталадиган масжид бунёд етилган, у ҳозир ҳам сақланган. Масжид жойлашган кўча ва яқин атрофдаги мавзе ҳам унинг номи билан аталади. Ш. ҳадис, фиқҳ, сўфийлик ва б.га оид 60 дан зиёд асар ёзган. Ибн Арабийнинг кучли таъсирига қарамай, Ш. унинг ваҳдат ал-вужуд таълимотини қабул қилмаган. У "маърифатли" сўфийлик тарафдори бўлиб, фиқҳ ва ислом ақидаларини чуқур билиш ҳар бир сўфий учун шарт деб ҳисоблаган. У таваккулни бир тарафлама -ҳар бир ишни Аллоҳнинг иродасига ташлаб қўйишни, бу билан "қашшоқликда кун кечирувчи бекорчилар ва текинхўрларни" сўфийликда ортиб боришига қарши чиққан. Фиқҳ соҳасида Ш. мезон назариясини ишлаб чиққан, унга кўра, исломдаги 4 асосий мазҳаб ўртасидаги ихтилофлар асосан шариат қоидаларига амал қилишга оид. Ш.га кўра, барча мазҳаб асосчилари ҳақ бўлиб, диний қонун негазида собитқадам бўлганлар. Улар ўртасидаги фарқ фақатгана шариатнинг у ёки бу қоидасини "мураккаблаштириш" (ташдид) ёки "енгиллаштириш" (тахфиф)дан иборат бўлган.

Манбаа: Ислом энциклопeдияси

Дўстларигиз билан улашинг!

Атамалар рўйхатига қайтиш