Шариат
Шариат — (араб. - остона ва сув ичиш жойи; йўл; мусулмончиликда Ш. қонунчилик маъносида ишлатилади) - Аллоҳ жорий қилган амалий ҳукмлар мажмуаси, шу маънода Ш. фиқҳ маъносида ҳам тушунилади. Самовий динларнинг барчасидага амалий қисм Ш. деб аталади. Ислом Ш.и ҳукмлари Қуръон, суннат, ижмў ва қиёсдан олинади. Ш.нинг мақсадлари учга; зарурий, ҳожатлик ва яхшилаш қисмларига бўлинади. Дин ва дунё учун зарур бўлган мақсадлар зарурий мақсадлар, дейилади. Улар йўқ бўлса, дунёнинг ишлари бузилади ва охиратда азобга қолинади. Ислом Ш.ининг мақсадлари динни, жонни, ақлни, наслни ва молни асрашдан иборат. Ш.да ушбу нарсаларни муҳофаза қилиш учун зарур бўлган барча чоралар кўрилган. Ш.нинг ҳожатлик мақсадлари еса, кишиларга осонлик туғдириш ва улардан қийинчилик ва машаққатни аритишга қаратилган. Бунга мусофир ва бемор кишиларга намозни қаср қилиб ўқиш ва рўзани очиб юборишга берилган руҳсатлар ва шунга ўхшаш кўплаб шаръий ҳукмлар киради. Ш.нинг яхшилаш мақсади жамиятда бир бирига мурувват кўрсатишни таъминлайди. Агар у нарсалар йўқ бўлса, ҳаёт низоми бузилиб кетмайди. Шунингдек, одамларга машаққат ҳам туғилмайди. Аммо, инсонийлик мурувватига путур етади. Бу мақсадда, асосан, яхши одатлар ва ҳусни хулқ кўзда тутилади. Покизаликка бошловчи, кийим бош, турар жой, жисм ва б.ни пок тутиш ҳақидаги шаръий кўрсатмалар, еб ичиш одоблари, оилавий алоқаларни яхшилаш каби кўплаб ишлар ҳақидага шаръий хукмлар шу жумлага киради. Пайғамбар Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) раҳбарлигида биринчи Ислом давлати ташкил топганда Ш. нормалари ўша давлатнинг асосий қонунлари бўлган ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Кейинчалик 4 рошид халифа, умавийлар, аббосийлар ва усмонийлар давлатлари вақтида ҳам Ш. давлатнинг қонуни бўлиб келган. Аммо, вақт ўтиши билан турли омилларга кўра, мусулмонлар Ш. ҳукмларидан узоклашиб борганлар. Аста секин Ш. ҳукмларига амал қилиш ҳам сусайиб ва баъзида нотўғри йўлларга кириб борган. 20-а.нинг бошига келиб, Ш.га амал қилиш баъзи давлатларда расман бекор қилинган. Ўзи шундоқ ҳам сустлашиб қолган Ш.га амал қилиш иши пароканда бўлган. Мусулмонлар яшайдиган давлатлар ғарб давлатлари қонунларидан кўчирма олишга ўтдилар. Ҳозирга келиб фақатгана Саудия Арабистони давлати ўзининг Ш.га амал қилаётганини айтади. Бошқа ислом давлатларида фақат оилавий - никоҳ, талоқ, нафақа каби масалаларда ва меросда Ш.га тўлиқ ёки қисман амал қилинади. Бошқа қонунлар ғарб давлатлари қонунларидан ўзгартишлар билан олинган кўчирмадан иборат. 20-а.нинг ўрталаридан турли шахс ва жамоалар томонидан Ш.га амал қилишни қайта тиклаш чақириклари олиб борилмоқда. Бунга қисман амал қилган ерлар ҳам бор. Аммо, кўпчилик давлатларда бу чақириклар гап бўйича қолиб келмоқда. Ўзбекистон ҳудудида қадимда барча мусулмон ўлкалари билан бир қаторда Ш. татбиқ қилинган. Мовароуннаҳрлик фақиҳлар чуқур билимлари, машҳур асарлари билан Ш.нинг ривожига муайян ҳисса қўшган. Мовароуннаҳр ҳанафийлик мазҳабининг марказларидан бўлиб, шу ерлик халқларнинг ҳуқуқий тизими Ш. тамойиллари ва қоидалари асосида яратилган. Бурҳониддин Марғинонийнинг "Ҳидоя", фарғоналик Фахриддин Ҳасаннинг "Фатово", бухоролик Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг "Мухтасар" сингари китоблари мусулмон давлатларида машҳур бўлган. Улар ўз асарларида айрим ҳуқуқий меъёрларни маҳаллий шароитга мослаштиришга интилганлар. Ислом мамлакатларида ҳоз. кунда Ш. жамиятнинг ижтимоий-руҳий ҳаётини қамраб олувчи тартиб-қоида сифатида муайян мавқега ега. Бошқа Ислом юртлари қатори бу ҳудудда ҳам аста-секин Ш. қонунлари ўрни сусайиб борган. Болшевикларнинг октябр тўнтаришидан сўнг Ш. умуман ман қилинган. 2-жаҳон уруши даврида Ш.нинг баъзи шахсий ибодатга оид таълимотларига амал қилишга чегараланган шахсларга руҳсат берилган. Мустақиллик даврида намоз, рўза, ҳаж каби шаръий амалларни фуқаролар бемалол қилиш имконига ега бўлдилар.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!