Хоксор
Хоксор — сўфийлик тариқати; 18-а. охирида жалолия-сухравардия тариқати (Шим. Ҳиндистонда Саййид Жалолиддин Ҳусайний томонидан 14-а. ўртасида асос солинган)дан мустақил бўлиб ажраб чиққан; ўзига ҳайдария (Мир Ҳайдария) ва қаландариянинг бир қанча гуруҳ ва жамоаларини, шунингдек, неъматуллоҳийларнинг турли тармоқдарини бирлаштирган. Х. илк тарихи мавҳум, чунки тариқатнинг адабий анъанаси йўқ бўлган. Бизгача етиб келган турли қўлёзма қўлланма ва кўрсатмалар бир тўпламга келтирилиб "Рисолайи тариқа-йи фақр-и хоксор" деб аталган. Х. мустақил назарии қоида ишлаб чиқмаган. Ўзидан аввалги тариқатларнинг қоришмасидан иборат. "Йўл" тўрт босқичдан иборат, унда 20 ёки 44 манзил (мақом) бор, одатда шулардан атиги 14 таси, шунингдек, толиб-дарвиш синаши лозим бўлган 12 сарҳушлик ҳолати (пияла) айтилади. Х. дарвиши тариқат йўлидан юриши лозим, яъни озига қаноат қилмоғи, барча бойлигини бошқалар билан баҳам кўрмоғи, устозини доимо ёдда тутиши, уни кундалик ибодатда еслаши (қ. Чиштия), сочи, мўйлаби, қоши ва соқолини олиб юриши (ҳамма ҳам риоя етмаган) лозим бўлган. Ҳаёти давомида Х. дарвиши тўртта сафарни амалга оширишга интилиш лозим: а) одамлардан худога; б) худодан одамларга, сўнгра худога, кейин худодан худога; в) худо билан худода; г) худо билан одамлар орасида. Тариқат аъзолари ўзларини - тариқа-йи алавия-йи хоксор-и ҳусайни-йи жалолий - деб аташади.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!