Хаттобийлар
Хаттобийлар — ал-Хаттобия - "ўта" шиаликдаги гуруҳ; Абу-л-Хаттоб Муҳаммад ибн Али Зайнаб ал-Асадий издошлари. Х.нинг асосчиси ва ғоявий раҳнамосининг даъватига кўра, илоҳий руҳ то Жаъфар ас-Содиққача бўлган Али хонадонига мансуб имомларга бирин-кетин жо бўлган. Куфа яқинига чодир ўрнатиб Абу-л-Хаттоб ўз тарафдорларини худо имом сиймосида намоён бўдди деб Жаъфар ас-Содиққа ибодат қилишга чақирган. Бундан хабар топган Жаъфар ас-Содиқ Абу-л-Хаттобдан юз ўгарган ва уни дуоибад қилган. Шунда Абу-л-Хаттоб илоҳий нур Алийлардан ўзига ўтганлигини даъво қила бошлаган. Имомийлик меросий еканлигини рад етиб, имомлик - соф ғоявий фазилат, пайғамбарлар ва имомлар илоҳий мужассамликнинг кўринишидир, илоҳийлик - бу пайғамбарликдаги нур, пайғамбарлик -имомликдаги нур, дунё илоҳий нурдан маҳрум бўлиши мумкин емас ва бу нур (имомлик) унга, еттинчи имомга ўтганлигани даъво қилган. 760 й. Х.нинг бир қисми Муҳаммад ибн Исмоил тарафдорлари билан бирга Куфада аббосийларга қарши қўзғолон кўтаришган. Қўзғолон бостирилиб, Абу-л-Хаттоб қўлга олингач, бир гуруҳ тарафдорлари билан бирга хочга тортилган. Уларнинг жасадлари ёндирилиб, каллалари халифа ал-Мансурга жўнатилган, халифа уларни уч кун Бағдод дарвозаларига осиб қўйишни, сўнгра ёқиб юборишни буюрган. Қолган Х. бешта гуруҳга ажраб кетишган, улардан бири Абу-л-Хаттобнинг ўлганлигани инкор етиб, уни илоҳийлаштиришни давом еттирган, бошқалари еса, янги сайланган имомларни илоҳийлаштирганлар. Х. учун умумий хусусият имомларни илоҳийлаштириш, уларнинг ғайритабиий билимларига ишониш бўлган. Х. жаннат ва дўзахни мажозий талқин қилганлар, ўликларни қайта тирилишини инкор етишган, руҳларнинг кўчишини тан олганлар. Барча Х. дастлабки уч хулафои рошидин ва саҳобаларни, Алини ўз вақтида имомликдан четлатганлари учун динсизликда айблашган. Х.нинг ғоявий издошлари исмоилийлар -"еттичилар" бўлиб, уларнинг диний-сиёсий қарашлари, ўз навбатида қарматлар ҳаракати мафкурасининг муҳим қисмини ташкил етган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!