Ваҳий
Ваҳий — диний еътиқодга кўра, Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбарларига фаришталар орқали юборган буйруқ ёки кўрсатмалари. В. аниқ ва равшан қилиб айтилган. Лекин баъзи В.лар тушда кўрилган ишорат шаклида ҳам бўлган. Мас., ҳазрат Иброҳим (ас) нинг тушида "ўғлинг Исмоил (ас) ни қурбонлик қил" деб буюрилгани ҳам В. деб ҳисобланади. В. Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га фаришта ҳазрат Жаброил орқали нозил бўлгани Қуръони каримда келтирилган (53:5-10). В. фаришталар орқали ёки бевосита Аллоҳ таоло билан роз айтиш (гаплашиш) орқали ҳам келиши мумкин. Пайғамбар Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га еса, В. қуйидагича ҳолларда тушган: Оиша (ра) айтадиларки: 1. "Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) В.нинг биринчи келиши ўнгидан келган туш бўлган. Кўрган ҳар бир тушлари уйғоклик вақтларида ҳам худди тонг ёругидек келар еди. 2. Фаришта ўзи кўринмай туриб, Пайғамбар қалбларига керакли хабарни етказар еди. 3. Қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келар еди. 4. Жаброил фаришта Пайғамбарга одам шаклида бўлиб кўринар едилар". Шу тўғрисида "Саҳиҳи Бухорий" китобида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган: "Ҳорис ибн Ҳишом Пайғамбардан: "Ё Расулуллоҳ, сизга В. қандай келади?", деб сўрабди. Шунда ул жаноб қуйидаги жавобни берибдилар:"Аҳёнда худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. У кетгандан кейин ҳамма нарсани мен ўзимда сингдириб олган бўламан. Гоҳида, еса фаришта менга одам шаклида келиб сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан". 5. Фаришта ўзининг асл шаклида кўринади ва В.ни етказади. 6. Аллоҳ таоло Пайғамбар (ас)га меърож кечасида намозни фарз қилиш ва шунга ўхшаш баъзи нарсаларни бевосита В. қилган. В. фақат пайғамбарларгагина нозил бўлган. Жаброил фаришта пайғамбарларга В. келтиришга масъул бўлган. В. тушган пайтда, агар кунлар совуқ бўлса ҳам Пайгамбар (ас) терлаб кетардилар, нафас олишлари тезлашарди. Саҳобалардан Зайд ибн Собит шундай ҳикоя қилади: "Менинг соним Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сонларига тегаб турган пайтда В. тушиб қодди, унинг шиддатидан соним ёрилиб кетай деди". Агар Пайғамбар (ас) туяда кетаётганларида В. тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай қолар екан. В.ни Аллоҳ илҳом шаклида ҳам нозил қилган. Буни айрим авлиёларнинг ҳаётида учратиш мумкин. Бироқ авлиёлар илҳомни ўзларига шахсий кўрсатма, пайғамбарлар еса, В.ни халққа етказиши лозим бўлган кўрсатма деб қабул қилган. Жоҳилият даврида (исломдан аввал) бутпараст араблар Каъба ичига Ҳубал номли бутни ўрнатиб, ундан В. (кўрсатма) олганликларини даъво қилиб келган ва шу тариқа гўё ўзларининг кундалик муаммоларини ҳал қилган. Ислом даврида Ҳубал синдириб ташланди. В.нинг фақат пайғамбарларга нозил бўлиши мусулмонлик еътиқодини мустаҳкамлади. Бу борада ҳар хил бидъат ва хурофотларни келтириб чиқариш ва динга зарарли бўлган турли қўшимчаларни киритиш ман қилинди. Диний тушунча бўйича В. илоҳий бир куч сифатида инсонларга тўғри йўл кўрсатиш манбаи бўлиб хизмат қилади.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!