Васан
Васан — (жан. араб. всн - "чегара устуни", "бут") - жоҳилият давридаги Арабистонда бутпарастлар топинадиган санамларни англатувчи асосий иборалардан бири. В.дан ташқари нусуб (кўплиги ансоб) ва санам (кўплиги асном) атамалари ҳам қўлланилган. Ансоб - бутларга атаб қурбонлик қилинганларнинг қони тўкиладиган тошлар, қабртошлар ва саждагоҳнинг муқаддас ҳудуди (хима)нинг иҳоталовчи (чегараловчи) тошлардир. Бундай тош маъбуд сифатида еъзозланиши мумкин бўлган, бироқ у камдан-кам ҳолатларда доимий топиниш объекти ҳисобланган. Ҳар бир манзилда кўчманчилар ўзларига маъбуд сифатида янги тошни танлаб олганлар. Мил. 4-а. ўрталарида, асосан, Набатея ва Сурия - Фаластин таъсири остида нусуб -"тарашланмаган тош" - Арабистондаги ўтроқ аҳоли муҳитида санам ёхуд В. - маъбуднинг ҳайкал кўринишидаги тасвирига айланган. Ибн ал-Қалбийнинг таъкидлашича, санам сўзи ёғоч ва металлдан ясалган бутни англатган, В. еса, тош ҳайкалларни англатадиган истилоҳ бўлган. Бироқ жоҳилият шеъриятида, Қуръони каримда (6:74 ва 29:17/16) ва ҳадисларда васан ва санам терминлари бир маънони англатган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!