Тусий
Тусий — Носириддин Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Муҳаммад (1201-1273/74) - файласуф, табииётшунос ва диний-сиёсий арбоб. Тус ш. яқинидаги Жахрунда туғилган. Диний ва фалсафий илмларни 1216 й.дан Нишопурда, шаҳарни мўғуллар босиб олганидан кейин (1222) еса, Тусда ўрганган. 1228-55-й.ларда исмоилии ҳукмдорлар, жумладан, Кўҳистон ҳокими Носириддин ва унинг ўғли Муинвддин саройида хизмат қилган. Т. уларга одоб-ахлоққа доир "Ахлоқи Носирий" ва фалакиётга оид "ал-Муинийя" рисолаларини бағишлаган, 1255-73 й.ларда мўғул ҳукмдорлари Хулоку ва Абақа ҳузурида масъул лавозимларни егаллаган. Бағдодда вафот етган. "Ат-Тажрид" ("Нутқ поклиги") ва "Қавоид ал-ақоид" ("Ақидалар асоси") асарлари фиқҳ ҳамда каломга бағишланган. Т. калом илми масалаларини Аристотел фалсафаси асосида ҳал етиб, бу соҳада Абу Али ибн Сино анъанасига риоя етган. Т. сўфийликка қизиқиш билан қараган, ўз даврининг машҳур сўфийлари билан ёзишиб турган. Тиббиёт, риёзиёт, табиат ва айниқса фалакиётга оид асарлар муаллифи, Мароға расадхонасининг асосчиси сифатида шуҳрат қозонган. Шиа доираларида файласуф олим саналиб, катта обрў орттирган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!