Тарозий
Тарозий — Саййид Абу Наср Мубашшир (1896, Авлиёота - 1977, Қоҳира) - уламо, адиб. Тошкентдаги "Абулқосим", Бухородаги "Мир Араб" мадрасаларида ўқиди. Таниқли илоҳиётчи шайх Муҳаммад ал-Асалий аш-Шомий (Шомий домла)дан сабоқ олди. 20-й.лар бошида авж олган худосизликка қарши "Қуръон ва нубувват" ("Қуръон ва пайғамбарлик") китобини ёзди. Т.нинг ўзбек тилидаги бу китоби форс, араб тилларида ёзилган бошқа асарлари билан бирга кўп ўтмай шўролар томонидан мусодара қилинди. Т. "Уламои Туркистон" жамоасининг журнали -"Изоҳ ул-Маром" таҳририятида ишлади (1923), Тароз ш. диний идорасига раҳбарлик қилди, мактаблар очиб ислом динини тарғиб етди. Унинг бу фаолияти шўроларга ёқмас еди. Т. 1930 й. Ватанини тарк етишга мажбур бўлди, умрининг охиригача муҳожирлик (Афғонистон, Миср)да яшади. 1960 й. Миср Президенти Ж.А. Носир уни шахсан қабул қилиб, Туркистонни озод қилишга қаратилган сиёсий фаолиятини тўхтатишни талаб қилди. Шундан сўнг Т. фақат илмий-ижодий иш билан шуғулланди. Т.нинг ислом илоҳиётига оид 47 асари бор, унинг диний мавзудаги мақолалари Миср, Саудия Арабистони, Сурия, Ироқ, Ливан, Ҳиндистон, Япония, Покистон, Индонезия, Афғонистонда чоп етилган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!