Табарий
Табарий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир (839-923) — араб тарихчиси, фақиҳ, тафсирчи. Асли Табаристоннинг Амул шаҳридан, бадавлат хонадонда туғилган. Етти ёшида Қуръонни ёддан билган, саккиз ёшида жамоа намозида имомлик қилган, тўкқиз ёшида ҳадисларни ёзиб бора бошлаган. Умрининг кўпини Бағдодда ўтказган. Табарий араб халифалигига тобе бўлган кўпгина мамлакатларни айланиб чиққан. Табарий расмий лавозимлардан воз кечиб, бутун умрини илмга бағишлаган. У ўрта аср фанининг бирмунча соҳаларини, хусусан, фиқҳ ҳамда тарихни мукаммал егаллаган, Қуръон ва ҳадис бўйича йирик асарлар яратган. Табарий асарларида ислом ва араб халифалиги тарихи кенг ёритилган. "Тарихи Табарий" асари муҳим тарихий манба ҳисобланади. Шунингдек, у Қуръоннинг 30 жилдди йирик тафсири муаллифи. Бағдодда Табарий "Жаририя" (отаси номидан) ҳуқуқ мактабига асос солган. Унинг тарафдорлари Ибн Ҳанбал қарашларини танқид қилганлар.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси