Суфрийлар
Суфрийлар — ас-Суфрия - хорижийларнинг уч асосий жамоаларидан бири. 7-а. 2-ярмида Басра (Ироқ)да вужудга келган. Асосчиси -Зиёд ибн ал-Асфар, жамоа унинг отаси исмидан "суфрийлар" (суфр - асфарнинг кўплиги) деб аталган. Халифа Язид ибн Муовия даври (680-683)да С. Басра атрофида Абу Билол Мирдас раҳбарлигида қўзғолон кўтарганлар. 681 й. Мирдас ўлдирилиб, унинг тарафдорлари қирғин қилингач, Солиҳ ибн Мусарриҳ Басрада С.нинг ғоявий раҳбари ва бошлиғи бўлган, у умавийларни ағдариб ташлашга ва ҳукмрон доиралардан қасос олишга даъват етган. 695 й. Дажла (Тигр) дарёси юқори ҳавзасида С. қўзғолон кўтаришган. Солиҳнинг ўлимидан сўнг (696 й.) қўзғолонга раҳбарликни Шабиб ибн Язид қўлга олган. С. Ўрта Ироққа тарқалиб, Мадоинни егаллашган ва унда мустаҳкам ўрнашиб олишган. Бироқ икки жангда кўп талафот кўргач, Шабиб азракийлар билан қўшилиш мақсадида Кермонга чекинишига қарор қилган. Дарёдан кечиб ўтиш чоғида Шабиб чўкиб кетган, шундан кейин С. кўзғолони тезда бостирилган (697 й.). С. жамоасининг вужудга келиши хорижийлар ўртасидаги диний-сиёсий ихтилофлар билан боғлиқ. Хорижийлар кимни "кофир" деб ҳисоблаш лозим ва уларга қандай муносабатда бўлиш керак деган масалада ихтилофга боришган. Азрақийлардан фаркли равишда С. қўзғолонда қатнашмаган диндошларини кофир санамаганлар: улар азрақийлар томонидан ўз душманларининг аёл ва болаларини ўлдиришларини қоралаганлар, лозим бўлганда ўз еътиқодларини яшириш (ат-тақия) мумкин деб ҳисоблашган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!