Сунна
Сунна — суннат (араб. - одат, анъана, хатти-ҳаракат тарзи) - исломда мусулмонлар учун ибрат ҳисобланган Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзлари, амаллари ва хатти-ҳаракатлари. С. муҳаддислар истилоҳида, қуйидагича таъриф қилинади: "Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар "Суннат" дейилади. 1. "Гап" - бунга Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг турли ҳолат ва муносабатларда гапирган гаплари киради. Буни "қавлий (гап) суннат" дейилади. 2. "Иш" - Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қилган иш-амалларидир. Мисол учун таҳорат қилиш, намоз ўқиш, ҳаж қилиш ва б. Буни, "амалий (иш) суннат" дейилади. 3. "Тақрир" - бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш - маъқуллаш маъносини англатади. С.даги тақрир еса, Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашларидан иборатдир. Маъқуллаш, гап билан маъқул, деб айтиш ёки инкор қилмай, индамай қўйиш билан ҳам бўлади. Буни "тақририй суннат"- дейилади. 4. "Халқий" - тана тузилишидаги сифатлар. Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўрган кишилар у зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари, сочлари, кўзлари ва б. аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб муҳаддисларга, улар орқали ислом умматига етиб келган. Мас., Имом Термизийнинг "Шамоили Муҳаммадийя" асари, айнан шу масалага бағишланган алоҳида китобдир. 5. "Хулқий-ахлоқий сифатлар". Саҳобаи киромлар Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, сахийликлари каби барча ахлоқий фазилатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳакдаги маълумотлар ҳам С.га киради. 6. "Таржимаи ҳол". Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ҳаётлари. Бу бобга тегашли ривоятлар тўпламини "Сийрат" ҳам дейилади. Муҳаддис уламолар ушбу олти бандга тегашли ҳар бир маълумотни атрофлича, чукур ўрганиб, сўнгра ўз китобларига киритганлар. С. ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манбадир. С. ислом шариатида Қуръони каримдан кейинги иккинчи масдар-манба еканлигини Аллоҳ таоло ва Унинг Расули Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтгандир. Бу - мусулмонларнинг асрлар оша амал қилиб келаётган иши. Бу — соғлом ақл ва тафаккур тақозоси. С. - ҳадис маъноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Дину диёнат, шариат ва б. маъноларда Пайғамбаримиз ўз шахсий фикрларини емас, Аллоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан такдим етганлар. С. Қуръони карим билан чамбарчас боғликдир. Шунингдек, С.нинг тарихи Қуръони карим ва ислом тарихи билан бирдир. С. 7-а. ўрталарида йиғила бошланган. Бир ярим-икки аср давомида ҳадислар жуда кўпайиб кетган. Ҳадисшуносликнинг "олтин асри" - 9-а.га келиб булар тартибга солинган ва дин, ахлоқ, фиқҳнинг муқаддас манбаига айланган. Булардан Бухорий (810-870) ва Муслим (817-875) тўпламлари енг обрўли ҳисобланади. С.да тарихий асосга ега бўлмаган айрим ривоятлар мавжудлиги билан бирга, араб халифалиганинг дастлабки икки асрида ислом динининг тадрижий тараққиёти ва турли ижтимоий қатламларнинг ахволини кўрсатадиган тарихий маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!