Суламий
Суламий — Абу Абдураҳмон Муҳаммад ибн Ҳусайн (937 ёки 942-1021) - Хуросон сўфийлик мактабининг йирик вакили, кўплаб асарлар муаллифи. Нишопурда туғилган. С. хирқани отасидан олган, лекин уни сўфий бўлиб шаклланишида бобоси Исмоил ибн Нужайд - муътадил маломатий катта таъсир кўрсатган. Ҳадислар ва фиқҳни у ас-Сибаий, ал-Асамм, ад-Дарақуний ва б.дан ўрганган. С. кўп саёҳат қилган, жумладан Ироқ, Сурия, Ҳижоз ва халифаликнинг шарқий вилоятларида бўлган. Узоқ вақт Бағдодда яшаган. Нишопурга қайтиб келиб, ўзининг катта уйини кутубхонага айлантирган ва уни сўфийлар ихтиёрига топширган. С. вафотидан кейин ҳам сўфийлар ундан фойдаланишни давом еттирганлар. С. асос солган сўфийлар даргоҳи (дувайра сўфия) унинг номи билан аталган. С. 100 дан зиёд асар ёзган, шундан 30 га яқини сақланиб қолган. Енг машҳурлари - "Табақот ас-сўфия" 9-10-а.лардаги сўфийлар ҳақида қимматли манба саналади. С. кўплаб шогирддар қолдирган, уларнинг орасида унинг ишини давом еттирган ал-Кушайрий ва хуросонлик машҳур тарихчи олим ал-Байҳақийларни кўрсатиш мумкин.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!