Самъоний
Самъоний — Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самъоний (1113-1167) -муҳаддис, тарихчи, адабиётшунос. Марвда тугилган. С.нинг аждодлари бутун ислом оламида машҳур муҳаддис, фақиҳлар бўлишган. Марвдаги машҳур олимлардан сабоқ олган. Дастлаб саёҳатини С. амакиси Аҳмад ибн Мансур ас-Самъоний билан бирга Нишопурга қилган. Сўнгра Хуросон, Мовароуннаҳр, Ироқ, Хижоз, Сурия ва Табаристон шаҳарлари бўйлаб узоқ сафарда бўлган; 8 йил Бағдодда яшаган, у ердан 2 марта Маккага ҳаж қилган. Рай, Ҳамадон, Дамашқ, Куфа, Басра, Тус, Қуддусда бўлган. Саёҳати давомида С. олимлар билан учрашиб, улардан сабоқ олган, ўз асарлари учун материал тўплаган. 1143-44 й.да С. Марвга қайтиб, ал-Амидия мадрасасида дарс берган. Кейинги йилларда у ўғли Абдурахмон билан Ўрта Осиё шаҳарлари бўйлаб саёҳат қилган. С. фиқҳ, ҳадис, араб тили тилшунослиги, грамматикаси, адабиётига доир 50 дан зиёд асар ёзган. С.нинг айниқса тарих ва географияга доир асарлари қимматлидир. Унинг "Китоб ул- ансоб"("Нисбалар китоби")да Хуросон ва Мовароуннаҳрда яшаган юзлаб муҳаддислар, муфассирлар, фақиҳлар ҳақида ноёб маълумотлар келтирилган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!