ар-РАЪЙ
ар-РАЪЙ — ("қараш", "фикр", "ҳукм қилиш") - фиқҳда асосан фақиҳнинг мустақил фикрини ёки ҳукмини англатиб, шунга асосан унинг қандайдир ҳуқуқий қарор чиқариши. Ар-Р. тушунчаси халифа Умар (ра) даври (634—644)да пайдо бўлган Умар (ра) саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъудни Ироққа ҳакамлик ва диндан таълим бериш учун жўнатаётганда "қандай кўрсанг ва хоҳласанг" (би-р-раъй ва н-назар) шундай суд қилиш ҳақида кўрсатма берган. Халифа шу билан бирга ар-Р. деганда қиёс бўйича иш кўриш ва жамоатчилик фойдаси (ал-маслаҳа) назарда тутилишини айтган. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг Ироқдаги издошларини "мустақил фикр тарафдорлари" (асҳоб ар-раъй) деб Мадина фақиҳларини "ривоят тарафдорлари" (асҳоб ал-ҳадис) деб атай бошлаганлар. Мазҳаблар шаклланиб бўлгач, ар-Р. тушунчаси муомаладан чиққан, унинг ўрнига ижтиҳод ёки ал-қиёс тушунчаси қўлланилган
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!