Намоз
Намоз — (форс., араб. - салот) - ислом кўрсатмалари бўйича бажариладиган махсус ибодат тури; исломдаги беш рукндан бири. Н. мусулмонларга меърож кечаси (қ. Исро ва меърож) фарз қилинган биринчи ибодатдир. Бир кеча-кундузда беш маҳал (бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон) Н. ўқиш фарз ҳисобланади. Н. ўқиш "Аллоҳу акбар" деб такбир айтиш билан бошланиб, сано, Қуръон оятларидан тиловат қилиш, тасбеҳ ва дуолар ўқиш, руку’, сажда, тиз чўкиб ўтириш, салом бериш кабилар билан якунланади. Н.да бажариладиган барча амаллар бирлаштирилиб, ёзма ҳолда Муҳаммад Шайбоний (805 й.в.е.) томонидан қайд етилгунга қадар, Н. ўқиш тартибини бир хилликка келтириш устида ўтган 150 йил мобайнида саъй-ҳаракатлар қилинган. Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларда Н.нинг аҳамияти, фазилатлари ҳақида гапирилиб, уни мукаммал адо етишга ташвиқот қилинади. Н.ўқиш учун намозхоннинг бадан ва кийимлари ҳамда ўқиш жойи пок бўлиши шарт. Н. Маккадаги Каъба ибодатхонасига қараб ўқилади. Уни ўқишда махсус тўшама -жойнамоздан фойдаланилади. Н.ни киши бир ўзи ёки жамоа бўлиб ўқиши мумкин, лекин жума кунидаги жума Н.ини масжидда ўқиш тавсия етилади. Жамоа бўлиб Н. ўқиганда намозхонлар қатор туради, улардан бири (одатда имом, лекин у иштирок етиши шарт емас) имомликка ўтади. Н. пайтида гапириш, ейиш, ичиш, кулиш, дунё иши билан йиғлаш, йўталиш, турли ҳаракатлар қилиш ва б. мумкин емас. Касал ва ногаронлар Н.ни ўзларига кулай ҳолатда ўқийдилар. Исломдаги мазҳаблар кўрсатмаларида Н. ўқиш қоидаларининг бир-биридан фарк қиладиган жиҳатлари бор. Ўзбекистонда Н. асосан ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ ўқилади. Мамлакатимизда Н. ўқиш учун барча қулайликлар мавжуд бўлган икки мингга яқин масжид фаолият кўрсатмоқда.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!