Муҳосибий
Муҳосибий — Абу Али ал-Ҳорис ибн Асад ал-Аназий (тахм. 781-857) - бағдодлик илоҳиётчи, сўфийликнинг биринчи назариётчиларидан бири. Басрада туғилган. Ҳадислар ва фикхни машҳур аллома Язид ибн Ҳорун (821 й. в.е.)дан ва Абу Ишоқ ал-Кураший деган шахсдан ўрганган. Ёшлигида Бағдодга кўчиб ўтиб, ўқишни мустақил давом еттирган. У зоҳидона турмуш кечирган, отаси қолдирган катта меросдан воз кечган, зеро, у мутазилийларнинг "инсон иродаси еркинлиги" ҳақидаги таълимоти тарафдори бўлган. М.нинг тақводор ва билимдонлиги унга катта шуҳрат келтирган ва унинг атрофида кўплаб шогирдлар тўпланишига олиб келган. Бироқ, тахм. 846 й. Ибн Ҳанбалнинг ўзи бошчилигида ҳанбалийларнинг унга қилган қувгинлари оқибатвда у ўз ваъзлари ва дарсини тўхтатишга мажбур бўлган. Уни бидъатда айблашган ва Бағдодни тарк етишга мажбур қилишган. У қолган умрини бутунлай дарвешона ҳаёт кечириб, ҳар қандай ижтимоий фаолиятни тўхтатган, қашшоқликда вафот етган. М. ("Қалблар ва хотиралар") асарида сўфийлик "психологияси"нинг асосий қоидаларини таърифлаб берган. Шахс ўз-ўзини камолотга етказишининг асосий воситаси ўз-ўзини кузатув ва ўзини назорат қилиши (муроқаба ва муҳосаба) деб билган. Лақаби Муҳосибий шундан олинган, яъни "ўзини-ўзи назорат қилувчи, ўзига-ўзи ҳисоб берувчи". М. 30 дан зиёд асар ёзган, улардан машҳурлари "Китоб ар-риъая ли-ҳуқуқ Аллоҳ" ("Аллоҳнинг ҳақларига риоя қилиш"), "Китоб ат-таваҳҳум" ва "Китоб ал-баъс ва-н-нушур" ("Қайта тирилиш ва йиғилиш китоби"), сўфийликка қадам қўйганлар учун ўгитлар сифатида "Китоб ал-васая" ("Тавсиялар китоби") ва б. М. Бағдоднинг машҳур сўфийлари ан-Нурий (907 й. в.е.) ва ал-Жунайд (910 й. в.е.) ва б.нинг устози бўлган. Унинг қарашларини ал-Ғазолий қабул қилиб, уларни юқори баҳолаган. "Китоб ар-риъая" бутун мусулмон оламида кенг машхур бўлиб, уни муридлар учун "шарт бўлган адабиётлар" сифатида тавсия етишган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!