Муфид
Муфид — аш-Шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Укбарий ал-Ҳорисий (948 ёки 950-1022) - шиаликдаги машҳур илоҳиётчи ва фақиҳ, имомийликнинг назариётчиси ва фаол тарғиботчиси. Отаси Восит ш.да ўқитувчи бўлган, унинг биринчи лақаби - Ибн ал-Муъаллим ("муаллимнинг ўғли") шундан. Бағдодда машҳур илоҳиётчи, фақиҳлардан таълим олган. Моҳир сухандон бўлган М. имомий илоҳиётчилар пешвосига айланган. Унинг тарғиботчилик фаолияти Бувайҳийлар раҳнамолигида ўтган, шу туфайли имомийлар ақидалари Ироқда, айниқса Бағдодда кенг тарқалган. Бу еса, шиалар ва суннийлар ўртасида қонли тўқнашувларга олиб келган. Диний низоларга барҳам бериш учун халифа шиаларнинг ғоявий раҳбари М.ни Бағдоддан бадарға қилишга мажбур бўлган. М. Бағдодда вафот етган, ўз ҳовлисига дафн етилган, бир неча йилдан сўнг унинг ҳоки ал-Машҳад (ал-Козимайн)га кўчирилган. Унинг қабри ҳозиргача зиёратгоҳ саналади. М. 200 га яқин асар ёзган (шундан 25 таси сақланган). Унинг бир қанча асарлари имомийлик назарияси, илоҳиёт ва фиқҳ, Қуръон тафсири ва ҳадислар, шиалар тарихи, имомлар ҳаёти ва б. га доир.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!