Мотуридийлик
Мотуридийлик — каломдаги оқим, Абу Мансур Мотуридий асос солган. 9-а. охири -10-а.да Мовароуннаҳрда исмоилийлар ақидаларига қарши жавоб тарзида вужудга келган. Бу таълимот ривожланиб, 13-а.дан кейин Мовароуннаҳр ҳудудидан чиқиб, мусулмон Шарқи мамлакатларига ёйилди. Салжуқийлар ҳукмронлиги даврида ҳамма жойда ислом ақидаларида М. татбиқ қилинди. Суннийликнинг ҳанафийлик мазҳабига еътиқод қилувчиларнинг барчаси ақида бобида имом Мотуридий, унинг шогирдлари ҳамда издошлари ёзиб қолдирган асарларга таяниб иш кўрдилар. Ислом оламининг аксарият минтақаларида, Сурия, Ироқ, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Шим. Африкада бу таълимот ҳозир ҳам ўрта ва олий диний ўқув юртларида мустақил фан сифатида ўқитиб келинмоқда. М.нинг кенг ёйилишига унинг мўтадиллик йўлини тутгани, ақидавий масалаларда Қуръон, ҳадис ва ақлу идрок, мантиқ ҳамда ҳақиқатга енг яқин тургани сабаб бўлди. Имом Мотуридий тарафдорлари билишда фақат ақлга суяниш керак, деган муътазилийлардан фарқли ўлароқ, ақл билан нақлни қўшиб фойдаланиш зарур, деб ҳисоблаганлар. Муътазилийлар Қуръонни яратилган десалар, мотуридийлар уни қадим, азалий, деб биладилар. Имон-еътиқод хусусида М. таълимоти, айниқса, диққатга сазовор. Муътазилийлар имоннинг шартлари 3 та, яъни тил билан иқрор, дил билан тасдиқ ва амал билан ижро етиш, десалар, М.да имоннинг шартлари 2 та, яъни тил билан иқрор етиш ва дил билан тасдиқлаш, амалларнинг ўрни еса бошқа, деб таъриф қилинади. М. ҳар бир инсоннинг тақдири Аллоҳ томонидан белгалаб қўйилганига қарамай, у ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгардир, деб билади. Инсон имтиҳонлар учун яратилган. Шу билан бир вақтда унга ушбу синовлардан муваффақиятли ўтиш ва тўғри йўлни топиш учун кенг имкониятлар бериб қўйилган. У ўз хатти-ҳаракатларида ихтиёрлидир.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!