Аллоҳ
Аллоҳ — (араб. "ал-илоҳ" - илоҳий куч, туркий халқларда, хусусан, ўзбекларда - Тангри, форс-тож. Худо, Язид), Оллоҳ - ислом динида бутун мавжудотни яратган олий илоҳий куч; худонинг номи. Одатда А.га Таоло (улуғ, олий), Таборака ва таоло, Жалла жалалаҳу, карим, бузург, Парвардигори олам каби сифатлар қўшиб айтилади. Ислом динига биноан А. - яккаю-ягона худо, оламнинг яратувчиси ва қиёмат кунининг егаси. У Муҳаммад пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни инсониятга ўзининг сўнгги елчиси сифатида юборган. Исломнинг енг асосий талаби ҳисобланган калимаи шаҳодат "Ла илоҳа иллалоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ" ("А.дан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад - А.нинг пайғамбари"), деб уқтиради. Исломга кўра, Қуръон Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам)га фаришта Жаброил (ас) орқали юборилган А.нинг сўзидир. Қуръони каримда А.нинг ягоналиги ва буюклиги жуда кўп бор таъкидланади. 112-Ихлос сурасида: "...У - Аллоҳ Бирдир (яъни Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У якка-ю ёлғиздир). А. (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож емасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни А.нинг ўғил-қизи ҳам, отаси-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг емасдир", дейилган. Шунингдек, Қуръонда доимо А.нинг мукаммаллиги, қодирлиги ва улуғлиги ҳақида гапирилади. А. "алийм", яъни билувчидир, у бўлиб ўтган ишларни, енди бўладиган ишларни, хоҳ катта, хоҳ кичик, барчасини билади; А. "мурид", яъни хоҳлагувчидир - дунёдаги ишларнинг ҳар бири А. таолонинг иродаси ва хоҳиши ила бўлади, у хоҳлаган иш бўлмай қолмас ва хоҳламаган иш асло бўлмас; А. "қадир", яъни ҳар ишга қудрати етувчидир; А. "басир", яъни кўрувчи ер ва осмондаги, қоронғу ва ёруғдаги, катта ва кичик нарсаларнинг барчасини кўради; А. "сами’", яъни ешитувчи - баланд бўлсин, секин бўлсин ҳар қандай овозларни ешитади; А. "мутакаллим", яъни сўзлагувчи - Қуръони каримдаги барча оятлар, шунингдек, Таврот, Инжил, Забур китоблари А. таолонинг сўзидир; А. "мукаввин", яъни бўлдиргувчи - дунёдаги барча нарсалар унинг бўлдирмоғи ила бўлгандир; А. "раббун", яъни тарбия қилувчи - барча жонли ва жонсиз нарсаларни тарбия қилади; А. таоло "одил", яъни тўғрилик қилувчи - ҳар бир ҳукмни ва ҳар бир ишни тўғрилик ила қилади, ҳеч кимга жабр ва зулм қилмайди. У меҳрибон ва кечиримли. Одамлар бутунлай унга итоат етишлари (исломга киришлари), худодан қўрқиб виждонли бўлишлари, барча нарсада А.га ва унинг иродасига ишонишлари лозим. А. ўзи хоҳлаган пайтда ердаги барча нарсани барбод етади, ўликларни тирилтиради ва уларни ўз ҳузурига ҳукм қилиш учун йиғади: у ерда ҳар кишининг қилган амалига кўра ё жаҳаннам (дўзах) азобига дучор қилади ёки жаннат билан мукофотлайди. А. ҳақидаги таълимот мусулмон дини ва илоҳиёт фанининг асоси бўлиб қолди. А. табиатининг турли қирралари ҳадис, тафсир ва илоҳиётга оид махсус асарларда тилга олиниб, тушунтирилади. Шунга кўра, У инсон сифатларидан тубдан фарқ қилади. Ислом таълимотига кўра, А. таолонинг зоти ва сифатлари тўғрисида чуқур баҳс юритиш шаръан ман етилади. А. бирор нарсага ўхшатилмайди ва бирор нарса ҳам А.га ўхшатилмайди. А.нинг исм ва сифатлари Қуръони каримда тилга олинган 99 исмларида яққол кўринади (қ. Ал-асмо ал-ҳусно).
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!