Мотуридий
Мотуридий — Абу Мансур ал-Мотуридий (тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий; 870-944) - буюк имом, фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик оқими асосчиси. "Имом ал-худо", "Имом ал-мутакаллимон" ("Ҳидоят йўли имоми", "мутакаллимлар имоми") номлари билан улуғланган. Самарқанднинг Мотурид қишлоғи (ҳоз. Жомбой тумани)да таваллуд топиб, то умрининг охиригача шу ерда яшаган, бу ерда катта боғ ҳам барпо етган. М. Самарқанддаги ал-Аёзий мадрасасида ўқиди, маҳаллий ҳанафий фақиҳлардан таълим олди, кейин ўзи фиқҳ ва калом илмларидан дарс берди. Васиятига кўра, Самарканддаги Чокардиза қабристонига дафн етилган. М.нинг асосий асарлари "Китоб ат-тавҳид" ("Яккахудолик ҳақидаги китоб") "Таъвилот аҳл ас-сунна" ("Суннийлик анъаналари шарҳи")дир. "Китоб ат-тавҳид" билиш назарияси баён қилинган мусулмон илоҳйётининг биринчи асари ҳисобланади. Китобнинг калом илми таърифи берилган муқаддимасида билимнинг уч манбаи: ҳиссий (сезги) аъзолари воситасида, накд-ривоятлар воситасида ва ақл-идрок воситасида ахборотлар олиш мумкинлиги ҳақида гапирилади. М. соф дин доирасидан чиқмаган ҳолда ақл-идрокни улуғлайди ва мантиқан асосланган билимнинг аҳамиятини таъкидлайди. М. илоҳиётчи олим сифатида муҳим ақидавий масалалар - жузъий ихтиёр, еътиқод, охират ҳаёти кабиларни қамраб олувчи рисолалар битди. "Маъхаз аш-шариъа", ("Шариат асослари сараси"), "Китоб ал-усул" ("Диний таълимот усули китоби"), "Китоб ал-жадал" ("Диалектика ҳақида китоб") каби асарлари шулар жумласидандир. М. Абу Ҳанифа қарашларини тушунтириб бериб, уни ривожлантирди. Абул Ҳасан ал-Ашъарий (873-935) ишлаб чиққан ислом ақвдаси асосларини такомиллаштириб, уни суннийлик еътиқодига кириб қолган нотўғри, ғайри саҳиҳ ақидалардан тозалади. М. илмий меросини бутун дунё қизиқиб ўрганмоқда. Унинг асарлари айрим қўлёзмалари бизгача етиб келган ва қисман тадқиқ қилинган. Жумладан алломанинг Қуръонни тўғри ўқиш учун мўлжалланган "Таъвилот ал-Қуръон" асари ва унинг узвий давоми ҳисобланмиш "Иршод ал-мубтадийн фий тажвиди Каломи раббул-оламин ("Қуръон ўқишга киришганлар учун қўлланма") китоби ҳозирда ЎзР Фанлар Академиясининг Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Геттинген (ГФР) университетининг проф. Рудолф Улрих "ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти" асарини 1997 й. немис тилида нашр еттирди. Унинг ўзбек тилидаги нашри ҳам тайёрланди (Тошкент, 2001). ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг Қарорига биноан 2000 й.да М. таваллудининг 1130 йлиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Шу муносабат билан Тошкент ва Самарқандда М. таълимоти ва унинг ислом оламида тутган мавқеига бағишланган халқаро илмий анжуманлар ўтказилди, Самарқандда аллома қабри устида ёдгорлик мажмуаси барпо қилинди. МОТУРИДИЙ ЁДГОРЛИК МАЖМУИ, Имом ал-Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги (2000) муносабати билан, ЎзР Президенти И.А. Каримов ташаббуси билан Самарқанд ш. марказида бунёд етилиб, рамзий мақбараси ўрнатилган (ҳудуди тахм. 4 га). Ёдгорлик Регистон ансамбли яқинида. Вобкент, Ғиждувон ва Бухоро кўчалари оралиғида жойлашган. Бош кириш қисми Вобкент кўчасидаги хиёбон орқали. Лойиҳага кўра 3 қисмга (марказий, боғ ва хўжалик) бўлинган, улар ўзаро бир-бири билан хиёбонли йўлка орқали боғланган. Лойиҳа ўқи манзарали мужассамотда яратилиб, мақбара биносига туташган. Шаршарали фавворалар хиёбонли йўлка марказида қурилиб, атрофи ободонл аштирилган. Ёдгорликнинг меъморий лойиҳаси ва бадиий ечимида ўзбек миллий маҳобатли санъатининг енг яхши анъаналари қўлланилган. Мақбара пишиқ ғиштдан, мурабба тархди (12х12 м), шифти гумбазли (бал. 15 м), пойгумбази 24 кичик равоқчаларга бўлиниб, ганчкори панжаралар билан безатилган. Панжаралар юқориси мураккаб тузилишдаги муқарнаслар билан тўлдирилган. Хона марказига қўйилган саганада араб ёзувида буюк олимнинг сўзлари битилган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!