Мазолим — (ҳукм ал-мазолим, ёки назар ал-мазолим - ғайриқонуний ҳаракатларни кўриб чиқишнинг қисқартмаси) - қилинган адолатсизлик устидан тушган шикоятни давлат бошлиғи ёки унинг вакили томонидан кўриб чиқилиши, аппелятсия (шикоят) суди. Исломда М. тартиби жоҳилият даврида ноҳақ чиқарилган ҳукм устидан қабилалараро ва қабила доирасида ўтказилган ажримларга бориб тақалади. Исломнинг дастлабки даврларида бу тартиб кам ўзгарган. Лекин шикоят аризаси бериш мумкин бўлган ягона шахс халифанинг ўзи бўлган ва шу туфайли хоҳлаган пайтда унга мурожаат қилишган. Умавийлардан бўлган тўртинчи халифа Абдулмалик ибн Марвон (685-705) шикоятларни ешитиш учун алоҳида кунларни белгилаган ва уларни ҳал етишни ўзининг қозиси Ибн Идрис ал-Аздийга топширган, ўзи еса, унинг чиқарган қарорини тасдиқлаган. Бундай тажриба халифа Умар ибн Абдулазиз давригача (717-720) сақланган, бу халифа шикоятларни ўзи кўрган. Бироқ, ундан кейинга халифалар аввалги ҳолатга қайтиб, бу вазифани қози ва вазирларга топширишган. Халифа Маҳдий (775-785) шикоятларни ўзи кўрган, ал-Муҳтадий давригача (869-870) шундай бўлган, кейин еса, шикоятларни халифанинг ишончли кишиси сифатида вазирлар кўрган. Ҳоз. пайтда мусулмон мамлакатларида анъанага кўра, М. деб ҳуқуқни назорат қилиш органлари ва апеллятсия (шикоят) судларига айтилади.

Манбаа: Ислом энциклопeдияси

Дўстларигиз билан улашинг!

Атамалар рўйхатига қайтиш