Кисва
Кисва — Каъба деворларини ёпиб турадиган чойшаб. Пахта аралашган саккиз бўлак қора шойи матодан тикилади. Деворнинг юқори қисми учдан бир бўлагани ёпиб турувчи К. парчасига Қуръони каримнинг: "Албатта одамлар ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй - Маккадаги муборак ва бутун оламлар учун ҳидоят (маёғи) бўлган Каъбадурки..." деган ояти (3:96) зарҳал ёзувда битилган. Шунингдек, К.га Қуръоннинг яна бошқа сура ва оятлари ёзилади. Каъбага кириладиган ешик махсус зарҳал билан қогшанган бўлиб, унга ҳам Қуръон оятлари битилган. Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётликларида К. Яманда тайёрланарди. Халифа Умар замонига келиб К. Мисрда тўқиладиган бўлди. Халифа Маъмун (813-833) даврида К. ҳар йили уч марта янгилаб турилган. Халифа Мутаваккил (847-861), еса ҳар икки ойда Каъбатуллоҳга янги К. юборган. Халифа Умар бошлаб берган анъана давом еттирилиб, К. 1924 й.гача Мисрда тайёрланди. Ҳар йили янги К. ҳаж сафарига чиққан мисрлик зиёратчилар билан бирга Маккага келтириларди. Аввалги К. девордан олиниб, Каъба хазинабонлари ва Макка шарифи ихтиёрига топшириларди. 1443-1452 й.лари Шоҳруҳ Мирзо Миср К.си билан бирга Мовароуннаҳрда тайёрланган махсус каъбапўш ёпилиб туришига еришган. 1925 й. қирол Абдул Азиз Маккада ихтисослашган фабрика очиб, унда қора рангли табиий шойидан К. тиктирди. Шундан бошлаб Каъба К.си фақат Саудия Арабистонида тайёрланади. Саудия Арабистони подшоҳи Фаҳд ибн Абдул Азиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга туҳфа қилган К. - Каъбапўш парчаси ҳозир Имом Бухорий ёдгорлик мажмуида масжид деворига осиб қўйилган.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!