Калом
Калом — (араб. - равон нутқ, жумла, гап, сўз) - ислом илоҳиёт илми. 8-а.да араб халифалигида пайдо бўлган. К. ислом диний таълимотини асослашга ҳаракат қилади. К. тарафдорлари мутакаллимлар дейилади. К. турли диний-сиёсий гуруҳлар (хорижийлар, қадарийлар, жабарийлар, муржиъийлар ва ҳ.к.) пайдо бўлиши билан боғлиқ баҳслар жараёнида вужудга келди ва тараққий қилди. Уламолар илми К.нинг таърифида ҳам бир неча хил фикрлар айтганлар. Енг қад. таъриф Абу Наср Форобийга тегашли бўлиб, у, "Калом синоати ила миллатнинг асосчиси айтган чегараланган гап ва ишларга нусрат берилур ва унга хилоф қилган барча сўзларни беҳудага чиқарилур", деган. Илми К. ҳақида Разолий қуйидагиларни айтади; "У бир илм бўлиб унинг мақсади аҳли суннанинг ақидасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўрикдашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз пайғамбари тилида ҳақ ақидани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди. Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳди ҳақнинг ақидасини бузмоқчи бўлдилар. Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали ахли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундай илми калом пайдо бўлди". Илми К. пайдо бўлган вақтга келиб ақидага оид масалаларга аввалги вақтларга ўхшаб фақат Қуръон ва суннатдан далил келтириш билан кифояланиб бўлмай қолган еди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қилар еди. К.га хос услуб ва мавзулар мажмуи биринчи бор ал-Жаъд ибн Дирҳам (742 й. қатл етилган) ижодида учрайди. У доимо ақл-идрокка таяниш талабини илгари сурди ва фақат инсон салоҳияти ожизлик қилган ҳоллардагина Қуръон оятларини рамзий-мажозий маънода талқин қилиш мумкин, деб ҳисоблади. Унинг шогирди Жаҳм ибн Сафвон (745 й. қатл етилган) устозининг ғоясини давом еттирди. Жаҳмнинг қарашлари муътазилийларга яқин бўлгани боис одатда бу икки таълимотни бир-биридан фаркламайдилар. Муътазилийларнинг К.и 9-а.нинг 1-ярмида равнақ топди. Аммо, халифа ал-Мутаваккил (847-861) даврида қувган остига олинди. Маълум вақтгача суннийликда муътазилийларнинг фалсафий далилларига қарши курашда ғоявий курол ролини ўйнаши мумкин бўлган ақоидлар тизими мавжуд емас еди ва фақат Қуръон ҳамда ҳадисларга ҳавола килиш билан чекланиларди. Айнан муътазилийлар ўзларининг мантиқий-фалсафий исботлаш услублари билан ҳақиқий ислом йўли шаклланишига бевосита таъсир кўрсатди. Бундай тизим 10 а.га келиб ишлаб чиқилди ва уни К.ни ақидапарастлар билан муросага келтиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ал-Ашъарий (873-935) ва ал-Мотуридий (870-944) амалга оширдилар. Натижада К.нинг ашъарий ва мотуридийлик мактаби вужудга келди. Машҳур мусулмон уламолари илми К. ҳақида ўз замонлари ва билимларига қараб турлича фикр биддирганлар. Имом Абу Ҳанифа илми К.да "ал-Фиқҳул Акбар" номли китоб ёзган ва "диндага фиқҳ илмдаги фиқҳдан афзалдир. Чунки, диндаги фиқҳ аслдир. Илмдаги фиқҳ фаръдир. Асл фаръдан афзаллиги маълумдир" деган. Имом Молик, Аҳмад ибн Ҳанбал, Жалолиддин Суютий ва Ибн Абдул Баррлар ҳам бу илм ҳақида салбий фикрда бўлганлар. Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарий илми К.ни мадҳ етиб китоб ёзган. Имом Ғазолий ўртача йўл тутган ва илми К.да яхши тараф ҳам салбий тараф ҳам борлигани таъкидлаб, у билан фақат мутахассис олимлар машғул бўлиши кераклигани уқтирган. Бу фикрларни тадқиқ қилиб ўрганган олимлар, илми К.ни, хусусан, ундаги адашувларни танқид қилганлар. Уни мадҳ қилганлар еса, фойдали тарафларини еътиборга олганлар. Шунинг учун унинг ижобий тарафларидан кўп нарсани ўрганса бўлади, дейдилар. Боқиллоний (1013 й. в.е.), ал-Жувайний (1085 й. в.е.), аш-Шаҳристоний (1153 й. в.е.) ва ар-Розий (1209 й. в.е.)лар ашъарийлик мактабининг йирик намояндаларидир. Ашъарийлар зоҳиран ўзларини муътазилийларга қарши қўйиб, ҳанбалийлар билан муроса қилишга интилган бўлсалар-да, дунёқараши бўйича мутазилийларнинг ақл-идрокка асосланган йўлини давом еттирди. К.нинг иккинчи йирик мактаби -мотуридийлик ҳам мустақил тарзда тараққий етди. Ашъарийлар мактаби асосан шофиъийлар орасида тарқалган бўлса, мотуридийлик ҳанафийлик доираларида кўплаб тарафдорларга ега бўлди ва хусусан, Мовароуннаҳр мусулмонларининг асосий ақидасига айланди. 13-а.дан К. Ибн Сино асос солган шарқ фалсафаси билан яқинлаша бошлади. Натижада, Ибн Халдун таъбири билан айтганда, К. ва фалсафани бир биридан ажратиш мушкул бўлиб қолди. Бу ҳол Байдовий (1286 й. в.е.), Исфаҳоний (1349 й. в.е.), Ижий (1355 й. в.е.), Тафтазоний (1390 й. в.е.), Журжоний (1413 й. в.е.)лар ижодида ўз ифодасини топди. Янги ва енг янги даврларда Жамолиддин Афғоний, Муҳаммад Абду, Аҳмад Амин, Ҳасан Ҳанафий каби мусулмон ислоҳотчиларининг асарларида К. ва айниқса, муътазилийлар ғоялари мафкуравий асос вазифасини бажариб келди. Вақт ўтиши билан ислом оламида фақат ахли сунна ва жамоанинг илми К. бўйича таълимотлари ҳукм сурадиган бўлди. Фалсафа ва б. фикрий мазҳаблар чиққанидан кейин илми К. истилоҳининг ўзи ҳам истеъмолдан чиқиб кетди.
Манбаа: Ислом энциклопeдияси
Дўстларигиз билан улашинг!